Хитойлик мутахассис коронавирус яна қайта авж олиши мумкинлигини айтмоқда
Коронавирусни бутунлай енгиб ўтишнинг иложи йўқ ва кунлар совий бошлаши билан вазият яна ёмонлашиши мумкин. Шу боис коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқини ноябрь ойида пайдо бўлади.
Бу фикрларни Шанхай пневмонияни даволаш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари Чжан Венхонг “Sina”га берган интервьюсида айтиб ўтди.
У ўз қарашларини тушунтирар экан, COVID-19 паст ҳароратга кўпроқ мослашганини ва шунинг учун қишда тезроқ тарқалиши мумкинлигини айтмоқда.
Шу билан бирга, Чжан Венхонг кейинги тўлқин ҳозиргидек кенг кўлам касб этмаса-да, Африка ва Жанубий Америка мамлакатларида жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Нега деганда, бу ерда соғлиқни сақлаш тизими касалликка қарши курашиш учун етарлича маблағга эга эмас.
Март ойининг охирида Peopleʼs Daily нашрига берган интервьюсида, коронавируснинг глобал тарқалиши июнга яқин тўхташини аммо бу йил касалликни бутунлай йўқ қилиш имкони йўқлигини айтиб ўтган эди.
Дастлаб, ўтган йилнинг охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида пайдо бўлиб, шу ерда кенг тарқалган вирус мутацияга учрагани ва Европада янада агрессив шаклда тарқалиши мумкин деган тахминларга изоҳ берар экан мутахассис бу ҳақда гапиришга ҳали эрта эканлигини айтади. Унинг сўзларига кўра, вируснинг таркибий ўзгаришини тасдиқлаш фақат пухта ўрганилганидан кейин маълум бўлади.
Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, айни пайтга келиб дунёда 1,85 миллион киши коронавирус инфекцияси билан зарарланган. Шундан 114,3 минг нафари инфекция туфайли ҳаётдан кўз юмди. 434,7 минг киши эса вирусдан тузалган.