Исломда тижорат одоблари
Ҳаётимизни савдо-сотиқсиз тасаввур қилиш мушкул. Шундай экан, бу борада динимиз кўрсатмалари, зарурий фиқҳий масалаларни билишимиз шарт. Акс ҳолда молга ҳаром аралашиши, бировнинг ҳақи ўтиб қолиши эҳтимоли пайдо бўлади. Мужтаҳид Имом Муҳаммаддан “Зуҳд ҳақида бир китоб ёзсангиз”, деб сўрашганида “Савдо китобини ёздимку” деганлар. Бу эса у зотнинг: “Ҳалол ва ҳаром нима эканини баён қилдим. Зуҳд эса ҳаромдан четда бўлиш ва ҳалолликка интилиш” деганидир. Бугун баъзи тижоратчилар “Савдода ёлғон ишлатмаса иш юришмайди”, деган гапни ўзларига дастур қилиб олишган.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Савдо илмида фақиҳ бўлмаганлар бозоримизга кирмасин”, деган. Аллоҳ таоло ўзининг ҳақини кечиши мумкин. Лекин банданинг зиммасидаги бировнинг ҳақини токи ҳақ эгаси рози бўлмагунча кечмайди.
Газетамизда исломий савдонинг одоблари, турлари, ҳукм ва фойдалари ҳақида маълумотлар бериб боришдан кўзлаган мақсадимиз ҳам шудир.
Тижорат ризқ топишнинг тўғри йўлларидан бири. Қуръони карим уни чиройли сифатлаб: “Аллоҳнинг фазлидан истайдилар”, дейди (Муззаммил сураси, 20-оят). Оятда Аллоҳ таоло тижорат йўли билан ризқ топишни “Аллоҳнинг фазлини исташ” деб номлади. Яна “(Ҳаж мавсумида тижорат билан) Раббингиздан фазл тилашингизда сизларга (ҳеч қандай) гуноҳ йўқдир”, деган (Бақара, 198). Бу оят ҳаж мавсумида тушган. Яъни, ҳатто ҳаж мавсумида ҳам инсон нарса сотиб олиши ёки сотиши жоиз. Бу оят тушишидан олдин мусулмонлар қийналишар эди. Бу оят эса, улардан бу қийинчиликни кетказди ва уларга бу улуғ мавсумда тижорат қилишга рухсат берди.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу машҳур тижоратчи эди. У Мадинага келганида “Менга бозорни кўрсатинглар”, деди. Унга бозорни кўрсатишди. Бозорда савдо қилиб, тижорат билан шуғулланди. Иши юришиб, бойиб кетди. Ҳаммамиз биламизки, Абдурраҳмон ибн Авф жаннатийлик башорати берилган ўн саҳобадан бири эди.
Инсон тижоратда эҳтиёткор, огоҳ бўлиши керак. Чунки савдода шундай нарсалар борки, уларга қўл урса, Аллоҳнинг ғазабига учраб, оқибати ёмон бўлади. Шунинг учун, ҳадисда келган: “Қиёмат куни Аллоҳга тақво қилган, эзгулик қилган, ростгўй тижоратчилардан бошқа тижоратчилар фожир ҳолда тириладилар”. Демак, тақво, эзгулик ва ростгўйлик тижоратчи учун қиёмат куни дўзахдан нажотдир. Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч кишига Аллоҳ таоло қиёмат куни қарамайди”, деб шулар орасида ёлғон қасам ичиб, молини ўтказган кишини ҳам санаганлар.
Тижоратда ҳалол ва ҳаромга эътибор бермаслик унинг офатларидандир. Агар шундай қиладиган бўлса, ҳадисда айтилганидек, қиёмат куни фожир ҳолда тирилади. Аллоҳнинг розилигига ҳақли, кўпчилик тижоратчилар тушиб қоладиган офатлардан нажот топган тижоратчида қуйидаги шартлар топилади:
1. Рухсат берилган нарсалар билан савдо қилиш, шариатда ҳаром қилинган нарса билан савдо қилмаслик;
2. Алдамаслик ва хиёнат қилмаслик; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким алдаса, биздан эмас”, деганлар.
3. Иҳтикор (нархни ошириш учун тўплаб, сотмай туриш) қилмаслик; чунки иҳтикор ҳаром. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фақат адашган кишигина иҳтикор қилади”, деганлар. Бу иҳтикорга мусулмонлар муҳтож бўлган барча молллар, озиқ-овқат ҳам, бошқалари ҳам киради.
4. Ёлғон қасам ичмаслик. Имкони борича рост қасам ичишдан ҳам тийилиши керак.
5. Нархларни асоссиз ошириб юбормаслик. Масалан, ҳукумат бир нархни белгилаб қўйса, тижоратчи уни яна оширмаслиги, одамларнинг муҳтожлигини билиб, қиммат сотмаслиги лозим. Нархларни бундай ошириш жиноят, чунки бу одамлар турмушини қийинлаштиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким мусулмонларнинг нархларидан бирортасини оширишга аралашса, Аллоҳ таоло уни қиёмат куни оловли бир суякка ўтқазиб қўйиши ҳақдир”, деганлар” (Имом Аҳмад ривояти).
6. Тижоратчи ҳар йили молларини қийматлаб, нисобга етган бўлса, қирқдан бирини закот учун бериши лозим.
7. Тижорат тожирни Аллоҳнинг зикри, намоз, ҳаж, ота-онага яхшилик қилиш, қариндошликни боғлаш, одамларга эзгулик қилиш, қўшниларга яхшилик қилиш каби ибодатлардан чалғитиб қўймаслиги керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳалол тижоратчи пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади” (Имом Термизий ривояти). Бундай тижоратчи савдосида омонатдор, ростгўй бўлади.
Жамшид ШОДИЕВ
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 4-сонидан