Қўшнига яхшилик қилиш
Васиятда айтилганидек, агар шўрва қилсак, сувини кўпроқ солиб, қўшнига ҳам улашишимиз лозим. Чунки хоҳлаймизми-йўқми, овқат пиширсак, ҳиди албатта қўшниникига ҳам ўтади. Овқатдан қўшнига чиқарсак, у ҳам шундан баҳраманд бўлади.
Ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин” (Имом Муслим ривояти), дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса: “Аллоҳ наздида қўшниларнинг энг яхшиси қўшниларига яхшилик қилувчисидир” (Имом Термизий ривояти), дейилган.
Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Менинг иккита қўшним бор. Уларнинг қай бири менга ҳақлироқ?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эшиги яқин бўлгани”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ояти каримада қўшничилик тўғрисида бундай дейилади:
«Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинглар)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо, 36).
Ояти каримада қўшни мўмин ёки кофир деб ажратилмаган. Шунинг учун муфассирлар кофир қўшнига ҳам яхшилик қилиш керак, дейди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса, қўшнисига азият бермасин”, дедилар.
Ҳадисда қўшнига азият бермаслик Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтириш билан ёнма-ён келяпти. Демак, мўмин киши қиёмат кунига ва Аллоҳнинг ягоналигига ишонса, қўшнисига зарар бермаслиги, азият етказмаслиги керак.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшни ҳақида шунчалик кўп васият қилди, қўшни қўшнисидан мерос олармикан, деб ўйлаб қолдим”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Аллоҳга қасам, мўмин бўлолмайди”, деб уч марта айтдилар. “Ким у, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашганида: “Қўшнисига ёмонлик қилган киши”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Қўшнини мўмин ёки ғайридин деб ажратиб бўлмайди. Мусулмон бўлмаган қўшнининг ҳам ўзига яраша ҳақлари борлиги очиқ айтилган.
“Қўшни уч хил бўлади: учта ҳақи бўлган қўшни, иккита ҳақи бўлган қўшни ва битта ҳақи бўлган қўшни. Учта ҳақи бўлган қўшни – ҳам қариндош, ҳам мусулмон қўшнидир. Унинг қариндошлиги туфайли бир ҳақи, мусулмонлиги туфайли иккинчи ҳақи ва қўшничилиги сабаб учинчи ҳақи бор. Иккита ҳақи бўлган қўшни – қариндош бўлмаган мусулмон қўшни. Унинг мусулмонлиги туфайли бир ҳақи, қўшнилиги сабаб иккинчи ҳақи бор. Мусулмон бўлмаган қўшнида фақат битта – қўшничилик ҳақи бор” (“Тафсири Қуртубий”, 5-жилд, 184-бет).
“Эшиги энг яқин бўлган қўшни яхшилик қилиш учун энг лойиқ қўшнидир” (Имом Бухорий ривояти).
“Ким қўшни дейилади?” деган савол ҳам динимизда жавобсиз қолмаган. Бу саволга турлича жавоб берилган.
Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Овози эшитилиб турадиганлар барчаси қўшнидир”, дейди. Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиз ҳар томондан қирқ уйнинг қўшни бўлишини айтган.
Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ): “Энг яқин қирқта уй, ҳар томондан қирқта уй, бақирса, эшитиладиган масофадаги уйлар, бомдод намозини бир масжидда ўқийдиган кишилар, масжидда такбир овозини эшитган кишилар қўшнилардир”, деган (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 111-б.).
Бу сўзларнинг баъзилари ҳадислар асосида айтилган бўлса-да, лекин кимлар қўшни бўлиши замон ва маконга қараб, ўзгариб туради. Шундай экан, бу борада энг яхши ўрнак ҳар бир жойнинг ўзига ярашадиган яхши урф-одатларидир.
Тарихдан биламиз, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ойша онамизга: “Қурбонлик гўштини тарқатишда аввал яҳудий қўшнимиздан бошла…” деганлар.
Қўшни дейилса, ҳеч ким ажратилмайди, мусулмон-ғайримусулмон, дўст-душман, муқим-мусофир, яхши-ёмон, ҳаммаси назарда тутилади. Мусулмон кишининг энг асосий ахлоқий вазифаларидан бири қўшнига озор бермаслигидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Мусулмон тили ва қўли билан бошқа мусулмонларга озор бермайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти).
Оиламиздан кейинги энг яқин ижтимоий қатламни қўшнилар ташкил этади. Яхши-ёмон кунларда қўшнилар коримизга ярайди.Мўмин киши ўзи эришган неъматларни қалбида қўшниларига раво кўриши, ўзи ёмон кўрган нарсаларни қўшниларига ҳам раво кўрмаслиги лозим. Демак, қўшни қўшнига асло зарар бермаслиги керак.
Қўшни ҳақлари тўғрисида сўраган саҳобага Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Касал бўлса, бориб кўр, вафот этса, жанозасида қатнаш, қарз сўраса, бер, қийин аҳволда бўлса, ёрдам қил. Бошига мусибат тушса, тасалли бер, уйинг томини баланд кўтариб, унга етиб турадиган шамол ва шабададан тўсма, пиширган нарсангдан унга ҳам чиқар!” деганлар.
Хуллас, қўшнига моддий ёки маънавий азият бериш мумкин эмас. Моддий азият уйига, боғига, мол-мулкига зарар етказиш билан бўлади. Маънавий азият эса, ор-номусига, шаъни ва номига тажовуз қилиш билан бўлади.
Баъзан “фалончи киши қўшниси билан муроса қилолмас экан” деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Бу сингари ёмон ҳолатларнинг олдини олиш керак. Бундай иллатлар Ислом динига ҳам, ўзбекчиликка ҳам асло тўғри келмайди.
Қўшнига бунча кўп яхшилик қилишнинг нима кераги бор, деган ноўрин савол хаёлдан ўтиши мумкин. Яхши қўшни бўлишнинг ҳикмати катта. Қилган яхшиликларимиз сабаб қўшнилар оғиримизга ярайди. Диний, ҳиссий ва маънавий яқин қўшнилар қариндошлардан кўра тезроқ ёрдамга етиб келади.
Яхши қўшничилик ижтимоий ҳузур-ҳаловат ва адолатни қарор топтириш ҳамда осойишта ҳаёт учун энг муҳим омиллардан саналади. Қўшнилар ҳақларига риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш хотиржамлик гаровидир.
Мана, қўшничилик одобларини олдин билмаган бўлсак, энди билиб олдик. Билиш билан чекланмасдан, уни ҳаётимизга татбиқ қилишимиз зарур.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм