Мақолалар

Раббингизга зорланиб ва хуфёна дуо қилинг

Чоп этилди Aprel 18, 2020 Раббингизга зорланиб ва хуфёна дуо қилингda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Имом “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийн” деганда “Омин” денглар, чунки кимнинг сўзи фаришталарнинг сўзига тўғри келса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Намозда Фотиҳа сураси тиловатидан сўнг “Омин”ни махфий айтмоқ мазҳабимизда намознинг суннатларидан биридир. Бурҳониддин Абул Ҳасан Али ибн Абу Бакр Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ “Ҳидоя”да “Намознинг сифати” бобида бундай дегани келтирилади: «Имом “ولا َ الضالين ” валаддооллийн) дегач, “Омин” дейди. Муқтадий ҳам “Омин” дейди. Улар (имом ва муқтадий) “Омин”ни махфий (ичида) айтишади».

Муҳаммад Алоуддин Ҳаскафий раҳматуллоҳи алайҳ “Дуррул мухтор” китобида намознинг суннатлари баёнида: «(Намозда) сано ўқиш, таъаввуз, тасмия айтиш ва (Фотиҳа сурасидан кейин) “Омин” дейиш суннатдир. Уларнинг ҳаммасини махфий айтиш ҳам суннат», деган.

Ёлғиз намоз ўқувчи ҳам Фотиҳа сурасидан кейин “Омин” дейди ва уни махфий айтади.

Имом Шуъба Имом Воилдан, у отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддооллийн”ни ўқидилар, сўнг “Омин”, дедилар. “Омин”ни овозларини паст қилиб айтдилар» (Имом Термизий ривояти). Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бундай нақл қилади: “Ҳазрат Умар ва Ҳазрат Али розияллоҳу анҳумо “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”, “Таъаввуз” ва “Омин”ни жаҳрий (овоз чиқариб) айтмас эдилар”.

“Омин” дегани “ижобат қил” демакдир. Бурҳониддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ҳидоя” китобида: «“Омин” демоқ дуодир. Дуо эса махфий қилинади», дейилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз!” (Аъроф сураси, 55-оят).

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 4-сонидан