Дунё янгиликлари

Москвада коронавирусга чалинганларни даволаш учун донорлик қилганларга ҳақ тўланиши маълум қилинди

Чоп этилди Aprel 18, 2020 Москвада коронавирусга чалинганларни даволаш учун донорлик қилганларга ҳақ тўланиши маълум қилиндиda fikr bildirishni o'chirish

Москвада COVID-19 коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморларни даволаш учун зарур бўлган қон зардоби берган донорларга пул тўлаш жорий этилади. Бу ҳақда Москва мэрининг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Анастасия Ракова маълум қилган.

Донор сифатида аввал коронавирусга чалиниб тузалган, сурункали касаликлари бўлмаган 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этиши мумкин. Шунингдек, уларнинг қон таҳлилида ОИВ ва гепатит B ва C бўлмаслиги керак.

Қайд этилишича, донорларга пул тўлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат тез орада қабул қилинади. Уларга қанча миқдорда пул тўланиши ҳозирча ошкор этилмаган.

Аввалроқ Анастасия Ракова Москвада ЎРВИ билан хасталанган барча беморлар карантинга олинаётгани, ЎРВИнинг барча ҳолатлари таҳлиллар олмасдан туриб коронавирус билан касалланишга гумон қилишга асос бўлишини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда эндиликда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун соғайиб кетганларнинг қон зардобидан антитела мақсадида фойдаланилиш йўлга қўйилиши, бу касаллик оғир кечаётган ёки узоқ давом этаётган беморларга вирусни тезроқ ва осонроқ енгиш учун қўшимча курашиш манбаи бўлиб хизмат қилиши ҳақида хабар берилган эди.

Бундай даволаш усули Буюк Британия шифокорларида катта қизиқиш уйғотганди. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганларнинг қон зардобидан фойдаланишга ҳозирча эҳтиёж йўқлигини маълум қилган.