Ахлоқсизликнинг жамиятга зарари
Балоғатга етган йигит катта кўчага ёки умумий истироҳат боғларига қараса, нимани кўради? Филм, газета, журналлар ва кўчадаги эълон ёзилган реклама тахтасида ярим яланғоч қизлар суратига кўзи тушади. Кишилар ярим яланғоч аёлларнинг ҳаёсиз суратларини кўриб, алданади. Қанча ахлоқсиз йигит-қизларнинг кўчада сайр қилатуриб, ҳаёсиз сўзларни айтишларини эшитамиз.
Комил инсон сифатида шаклланиш учун халал берадиган, ўсмир ёшдаги ўғил-қизларнинг тўғри йўлдан озишига яна бир сабаб бу дўст танлашдаги хатодир. Чунки ёмон дўст йўлдан оздирибгина қолмай, бу йўлдаги гуноҳ ишларни ҳам бажаришга бошлайди. Агар фарзанд ақлу фаросатдан анча олис бўлиб, қилаётган ишининг охирини ўйламайдиган ношуд бўлса, бунда “дўсти”нинг омади чопади ва режаси тез амалга ошади. Қарабсизки, янги “дўст”нинг домига илинган ғўр бола ҳар бир ишни “қойиллатиб”, керакли маблағни ҳам “дўсти” ўйлаганидан зиёда қилиб топиб келаверади. Бундан “оқилона” фойдаланган иккала ҳамроҳ нафс шайтон буюрган ишларни тинимсиз бажараверади. Қилаётган ишининг нотўғрилигини айтган катталарнинг берган танбеҳларидан бироз кўнгли хижил бўлса-да, аммо бир муддатдан сўнг барча иши силлиқ бўлиб, изига тушиб кетадигандек туюлади гўё. Эсли-ҳушли фарзанд билиб-билмасдан бадхулқ инсонга дўст тутиниб қолгудек бўлса, ундан қочишга ҳаракат қилади-ю, аммо ундан оз миқдор бўлса-да, иллат юқтиришининг эҳтимоли юқори. Халқимиз орасида ҳикматли нақл бор: “Қозонга яқинлашсанг қораси, ёмонга яқинлашсанг балоси урар”.
Асли бу каби пурмаъно мақолнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларига мурожаат қиламиз:
عن أبى هريرة عن النبى -صلى الله عليه وسلم- قال « المرء على دين خليله فلينظر أحدكم من يخالل ». (رواه أحمد)
Ибн Ҳиббон ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Киши дўстининг динидадир. Бас, сизлар биродарингиз кимни дўст тутганига қаранг”, дедилар.
Яна бир ҳадисда бундай дейилган:
قال النبي صلى الله عليه وسلم: إياك وقرين السوء فإنك به تعرف. (رواه ابن عساكر)
Ибн Асокир ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёмонга яқин бўлишдан сақлан, чунки сен у билан таниласан”, дедилар.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 20000 сўм