Долзарб мавзу. ФАРЗИ АЙН МУҲИММИ ЁКИ ФАРЗИ КИФОЯ ёхуд жанозада неча киши қатнашиши керак?
Бирор қариндошимиз, яқинимиз, танишимиз мусибатга учраса, унинг кимидир вафот этса, дарҳол унга таъзия билдирамиз, унинг ёнида далда бўлиб турамиз. Мабодо, жаноза ёки дафн маросимларида қатнаша олмасак, ўзимизни айбдордек ҳис этамиз.
Муқаддас динимизда дафн ва жаноза маросимларида қатнашиш фарзи кифоя ҳисобланади. Шу ўринда мавзуга бевосита тегишли бўлгани учун “фарзи айн” ва “фарзи кифоя”га изоҳ бериб ўтишни лозим топдик. Фарзи айн – бу балоғатга етган ҳар бир шахсдан талаб қилинган амал. Бунга беш вақт намозни мисол қилиб келтириш мумкин. Фарзи кифоя – бу барчадан талаб қилинган, бироқ айримлар бажарса, қолганлардан соқит бўладиган амал. Бунга жаноза намози мисол бўла олади.
Хабарингиз бор, бугун коронавирус (COVID-19) инфекцияси бутун дунё аҳолисини оёққа турғазди. Ҳамма кўзга кўринмас душман билан курашмоқда. Ҳамма жойда касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин жорий этилди. Одамлар фақат мажбурликдан уйидан ташқарига чиқишяпти. Бир жойда уч кишидан ортиқ тўпланганлар учун маъмурий жазо тайинланмоқда.
Лекин шунга қарамай, айримлар ҳали-ҳануз коронавирус балоси қандай салбий оқибатларга олиб келаётганидан хулоса чиқармаётган кўринади. Бир қишлоқдан киши борса, қолганлардан соқит бўладиган жаноза маросимларига ҳалиям кўпчилик боряпти. Ахир, жорий йил 19 апрель ҳолатига кўра, айнан коронавирус инфекцияси дунё миқёсида 165 минг кишининг ёстиғини қуритди-ку. Эҳтиётсизлик ва бошқа сабаблар оқибатида айни пайтда 2 миллион 400 минг нафар киши касалликни юқтириб олган. Наҳотки, бундан хулоса чиқармаймиз?!
Аслида, жаноза намозида одам қанча кўп қатнашса, шунча афзал (“Аттобиййа”). Лекин бу ҳолат тинчлик-осойишталик, хотиржамлик пайтига хос эканини ҳамма яхши билади. Яна бир муҳим жиҳат. Барча мўътабар фиқҳий манбаларда, хусусан, “Ҳидоя”, “Мабсут”, “Ихтиёр”, “Дуррул мухтор” каби китболарда маййитни шариат кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда тезроқ дафн этиш зарурлиги баён этилган.
Жанозада имомдан ташқари олти нафар одам бўлса – кифоя. Уч киши имомнинг орқасида саф бўлади, икки киши уларнинг орқасида туриб бир саф ҳосил қилади, бир киши охирида саф тутади. Демак, озчилик бўлиб жаноза ўқиса ҳам бўлаверади. Айниқса, бугунги шароитда, яъни юқумлилиги ўта кучли бўлган коронавирус тарқалган пайтда.
Ҳозирги карантин пайтида фарзи кифояни бажаргандан кўра, фарзи айнга риоя қилиш ҳар жиҳатдан авлодир. Ислом инсониятнинг ҳаётини асраш, соғлигини сақлаш ва уни ҳимоя қилишга катта эътибор қаратиб, ҳалок қилувчи ишлардан узоқ туришга буюради. Чунончи, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «…ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!» (Бақара сураси, 195-оят).
Бугун ҳамани ташвишга солаётган юқумли касаллик динимизда “вабо” ва “тоъун” деб номланган. Ундан сақланиш, яъни карантин қоидаларига риоя қилиш ҳар бир мусулмон учун шарт (фарзи айн)дир.
Асома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Тоъун – азоб ва касалликдир. Бу касалликни Аллоҳ таоло Бани Исроил қавмидан бўлган баъзи тоифаларга ва сизлардан олдинги қавмларга юборган. Сизлар унинг бирон жойда тарқалгани ҳақида эшитсангиз, у ерга (зинҳор) кирманг. Агар кирсангиз, у ердан (ҳеч қачон) чиқиб кетманг”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Бемор киши соғлом кишининг олдига келмасин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Юқоридаги оят ва ҳадислар мусулмон кишига юқумли касалликлар тарқалганда қандай йўл тутишни, шу билан бирга, шахсий гигиена қоидаларига қилишни буюради.
Айримлар “Бизнинг қишлоқ тоғли ҳудуд. Бу ерларга коронавирус етиб келмайди”, деб бемалол жаноза маросимларида иштирок этаётгани ўзини ҳалокатга ташлашдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, бу ҳолатда фарзи кифояни бажараман, деб фарзи айнни унутиб қўйиш, бунинг оқибатида эса гуноҳкор бўлиш бор.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!» (Нисо сураси, 59-оят).
Вабо ва уни даволаш услублари, карантин ҳолати ҳақида Ибн Абу Дунё “Китабут тавоъин”, Заркаший Шофеъий “Жузъун фит тоъун”, Антокий Ҳанафий “Васфуд даво фий кашфи офатил вабо”, Ибн Ҳажар Асқалоний “Базлул моъун фий фазлит тоъун”, Имом Суютий “Ма роваҳул ваъун фий ахбарит тоъун” китобларида маълумот ва тасвиялар берган.
Уламолар юқумли касаллик тарқалган пайтда зиён келтирувчи сабаблардан эҳтиёт бўлиш ва ундан узоқлашиш; вабо бор жойга умуман кирмаслик; касалликка чалинганларга яқинлашмаслик; Аллоҳга таваккал қилиш, мусибатга сабр қилиш ва рози бўлиш; касаллик тарқалиб кетишининг олдини олишга бор имкони билан киришиш каби тавсияларни берадилар.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан вабо ҳақида сўрадилар. У зот: «Аслида у Аллоҳ хоҳлаганларига юборадиган азоб бўлган. Бас, Аллоҳ уни мўминларга раҳмат қилди. Бас, қай бир банда вабо воқе бўлганда ўз юртида сабр қилиб, Аллоҳ унинг пешонасига битганидан бошқа нарса бўлмаслигига ишониб турса, албатта, унга шаҳиднинг ажри мислидек ажр бўлур» (Имом Бухорий ривояти).
Демак, биз бугун карантин қоидаларига қатъий риоя қилиб, касалликнинг кенг тарқалиши олдини олиш бўйича раҳбарларимизнинг кўрсатмаларига, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламорлар Кенгашининг коронавируснинг олдини олиш бўйича фаовтосига сўзсиз итоат этишимиз фарзи айндир. Демак, ақлли мўмин-мусулмон фарзи айн билан фарзи кифоя ёнма-ён келиб қолганда, қатъийроғига риоя қилади.
Миродил МИРЖАЛИЛОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатибининг ўринбосари