Тожикистонда COVID-19 инфекцияси қайд қилинмагани ростми?
Тожикистоннинг жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг фаоллари мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиб жаҳонда авж олган коронавирус пандемияси туфайли мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга ойдинлик киритишни сўради.
Тожикистон расмийлари томонидан коронавирус қайд қилинмагани айтилаётган жаҳондаги саноқли мамлакатлардан бири ҳисобланади .
Бироқ, сўнги ҳафталардаги ўлимлар − Жаббор Расулов туманидаги икки нафар, Шаҳристондаги бир нафар, Бохтар шифохонаси ходимининг ва Душанбе прокурорининг ўлими жамоатчилик томонидан мамлакатда коронавирус пайдо бўлиши масаласидаги баҳсларга сабаб бўлди.
Илк иккита ҳодисани расмийлар зотилжам дея баҳолади, яна икки ҳолат сил дейилди, сўнги ҳодиса эса чўчқа гриппи (H1N1) дея айтилди.
Шу муносабат билан фуқаролик жамияти вакиллари Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиб таққослаш мақсадида 2019 ва 2020 йилларнинг биринчи чорагидаги зотилжам, сил, ичак инфекцияси бўйича статистик маълумотларни тақдим қилишни сўради.
Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари 17 апрель куни баёнот бериб, “ноқулай об-ҳаво шароити туфайли сўнги кунларда зотилжамга чалинганлар сони бирдан кўпайиб кетганини” маълум қилган.
Ҳукуматнинг хабарида қайд этилишича, февраль бошларидан 20 апрелга қадар карантинда 8 212 киши бўлди, улардан 7 129 нафари уйга кетди. Қолганлар изоляцияда бўлишда давом этмоқда.