Дунёда очлар сони икки баравар ортиши мумкин
Коронавирус тарқалиши туфайли жорий этилган чекловлар оқибатида келиб чиққан иқтисодий инқироз дунёдаги очлар сони икки баравар кўпайишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) маълум қилди.
Ташкилот экспертларининг тахминига кўра, транспорт чекловлари, меҳнат муҳожирларидан пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши, туризмнинг тўхтаб қолиши ва бошқа омиллар таъсирида дунё бўйича очликдан азоб чекаётганлар сони 135 миллиондан 265 миллионга етиши эҳтимоли бор.
«Вазият шундоқ ҳам амал-тақал кун кечираётган миллионлаб одам учун фалокатли тус олиши мумкин», – дейди ташкилотнинг етакчи иқтисодчиси Ориф Ҳусайн.
Карантин чекловлари сабабли биринчи навбатда хизмат кўрсатиш секторида ишлайдиганлар ва мавсумий ишчилар даромаддан маҳрум бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Ишсизликнинг ортиши эса харид қобилиятининг пасайишига олиб келади.