Муносабат. “ДЕҲҚОНКИ, ДОНА СОЧАР…”
Яқинда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида халқимизга мурожаат қилиб, бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзларини ойнаи жаҳон орқали эшита туриб, хаёлимга Алишер Навоий ҳазратларининг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги: “Деҳқонки, дона сочар, ерни ёрмоқ била ризқ йўлин очар… Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин. Ҳар қаён қилсалар ҳаракот, элга ҳам қут еткурур, ҳам баракот”, деган сўзлари келди.
Дарҳақиқат, деҳқончилик қилиш мўл ризқ-рўз, барака гаровидир. Аслида бизга деҳқончилик Одам алайҳиссаломдан мерос. Шу боис қимирлаган жон борки, баҳор фаслида бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмасликка ҳаракат қилади. Қадимдан ўз ери, ўз мулкига эга бўлиб, омилкорлик билан иш юритган, ҳам ўз оиласини, улардан орттириб, эҳтиёжманд, кам таъминланган кишиларга, етим-есирларга меҳр-мурувват кўрсатган инсонлар эл орасида алоҳида эътибор қозонган.
Лекин, афсуски, бу йилги баҳор фаслида кўпчилик коронавирусни баҳона қилиб, имконият борлигига қарамасдан томорқасига экин-тикин қилмагани кишини ўйлантиради. Ахир, сизу бизга ота-онамиздан ҳам меҳрибон бўлган зот – Аллоҳ таоло Ер юзида барча нарсани бандалари учун яратди-ку. Қуръони каримда: «У шундай Зотки, сиз учун Ердаги барча нарсаларни яратди» (Бақара сураси, 29-оят), деб марҳамат қилинган.
Бошқа бир ояти каримада: «У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, унинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир!» (Мулк сураси, 15-оят).
Аллоҳ таоло азиз диёримизни жаннатмонанд қилди. Ерга эрта баҳорда ўйнаб суқилган чўп кун келиб ниш отиб, улкан дарахтга айланганини кўрганмиз, эшитганмиз. Қолаверса, биз ибрат олишимиз учун Аллоҳ таоло кўп нарсаларни яратиб қўйди. Ояти каримада: «У осмондан сув (ёмғир) туширган зотдир. У билан ҳар нарсани (ердан) ундириб чиқардик. Ундан яшил гиёҳ (полиз экинлари)ни чиқардик. Ундан (бошоқ каби) зич таркибли донларни чиқарамиз. Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор. Шунингдек, узумзор боғлар, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик). Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг! Шу (билган)ларингизда, албатта, имон келтирувчи қавмлар учун аломатлар бордир» (Анъом сураси, 99-оят), деб марҳамат қилинади.
Ҳадиси шарифларда ҳам ҳалол ризқ-рўз ахтаришга тарғиб қилинган: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат куни у Аллоҳ таолога юзи ўн беш кунлик ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади” (Имом Байҳақий ривояти).
Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари билан топишганини яхши биламиз. Мисол учун, башарият отаси Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Довуд алайҳиссалом темирчилик, Идрис алайҳиссалом эса хаттотлик билан шуғулланган. Улар ризқ Аллоҳдан эканини билган ҳолларида ҳам бўш ўтирмаганлар. Чунки пайғамбарлар ҳаракатда барака борлигини яхши билишган.
Экин экиш, ҳалол ризқ топиш фақат кун кечириш, рўзғор тебратиш учунгина эмас, балки бу меҳнат гуноҳларимизга ҳам каффорат бўлиши ҳақида ривоятлар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ташвишгина каффорат бўлади”, (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ҳадис эса “Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Албатта, Аллоҳ таолонинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам қўл меҳнати орқали кун кўрганлар”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга тарғиб қила туриб бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).
Юртимизда қадимдан инсофли, дин-диёнатли, мурувватли, етим-есирларнинг бошини силовчи сахий ва олийҳимматли кишилар ўзларининг деҳқончиликларидан ушр бериб келишган. Улар ўзларига Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг: “Дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин!” деган сўзларини шиор қилиб олишган.
Ҳар бир ишда тадбиркор, омилкор, миришкор бўлиш, ақл-заковат билан иш тутиш, хусусан ҳаётимиз, тирикчилигимиз асоси бўлган деҳқончиликка ҳам беэътибор бўлмаслик зарур.
Мухтасар айтганда, динимиз таълимотида рўзғор тебратиш, оила, бола-чақани боқиш мақсадида ҳалол ризқ ахтариш фарз даражасига кўтарилган. Мўмин киши фарз амалини бажаряптими, демак, у ибодат қилаётган ҳисобланади. Киши ибодатда бардавом экан, унга ихлосига кўра беҳисоб ажрлар, савоблар ёзиб турилади. Зеро, устоз шоир Мирзо Кенжабек лутф этганидек:
Мудом Аллоҳни зикр этсанг, ҳалол борига шукр этсанг,
Қиёмат кунни фикр этсанг, тижорат ҳам ибодатдир.
Бутун борлиқ, наботот ҳам Яратганга этар тасбеҳ,
Бободеҳқон экиб юрса, зироат ҳам ибодатдир.
Салоҳиддин ТОШОНОВ,
Тошкент шаҳридаги “Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби