«Бу ҳам ўтиб кетади»
Ривоят қилишларича, Сулаймон алайҳиссаломнинг «Бу дунёдаги ҳамма нарса ўткинчи» деган ҳикмат ўйиб ёзилган узуги бўлган экан. Сулаймон алайҳиссалом ҳаётининг қайғули онларида узукдаги ана шу ҳикмат мағзини чақиб, кўнгли таскин топаркан. Бир куни унинг бошига шундай бахтсизлик тушибдики, ҳатто узукдаги ҳикмат ҳам дардига малҳам бўлмай қолибди. Сулаймон алайҳиссалом узукни бармоғидан чиқариб, ғазаб билан отиб юборибди. Думалаб бораётган узукнинг ич томонида яна қандайдир битик борлигини туйқус кўриб қолибди. Узукни ердан олиб ичидаги ёзувни ўқибди. Кўзига чалинган битик «Бу ҳам ўтиб кетади» деган ибора экан. Сулаймон алайҳиссалом кулимсираб узукни яна бармоғига тақиб олибди ва умрини охиригача ечмабди.
Хулоса шуки, халқимиз бошига тушган бу синовли кунлар ҳам ўткинчидир. Яқинлашиб келаётган муборак рамазон ойини барчамиз ёруғ юз билан бағри бутликда, оила аъзоларимиз билан сиҳат-саломатликда ўтказишни насиб айласин. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокотуҳ.
Музаффархон АЪЗАМ,
Яшнобод туманидаги “Пул емас ота” жомеъ масжиди имом-хатиби