Киши яхши кўргани билан биргадир
عَنْ أَنَس بنِ مالك رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَن رَجُلاً سَأَلَ رَسُولَ اللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “مَتَى السَّاعَةُ؟” قَالَ لَهُ رَسُولُ اللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “مَا أَعْدَدْتَ لَهَا؟” قَالَ:“حُبُّ اللَّهِ وَرَسُولهِ” قَالَ: “أَنْتَ مَعَ مَنْ أَحْبَبْت”
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Қиёмат қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёматга нима тайёрладинг?” дедилар. У: “Аллоҳ ва расулига муҳаббатни тайёрладим” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан”, дедилар» (Имом Бухорий).
Аллоҳ таоло ва расулига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббати у саҳобани қиёмат қачон бўлиши ҳақида сўрашга ундади. Чунки у қиёматда ҳисоб–китоб бўлишини билади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг саволига савол билан жавоб бердилар: “Қиёматга нима тайёрладинг?” У қилган яхшиликларини, савоб ишларини санаб ўтирмай, қалбида борини айтиб қўя қолди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг бу гапига эътироз билдирмадилар, “Сен севганинг билан бирга бўласан”, дедилар. Чунки мўминларнинг имони нафс ва шаҳватлардан ғолиб келганидагина Аллоҳнинг муҳаббатига ошно бўлади.
Сўраган одам мана шундан хавотирда эди. Агар банданинг шаҳватга ўчлиги ва дунёга очкўзлиги бўлмаса, қалби жўш уради, охират учун тайёрлана бошлайди, эзгу амалларидан савоб ва ажр умид қилади. Агар қиёмат ҳақида сўз кетса, ёмонликларини эслайди, яхши насиҳатларга қулоқ тутади, тўғри амал қилишни ўйлайди. Агар шу ишларга ўзини лойиқ кўрса, тақдиридан рози бўлади, ёлғонни кўрса, юз ўгиради. Яхши амаллари билан дўзахдан нажот топишни умид қилади. Савоб йўлидаги яхшиликлари ва ёмонликлари қиёмат куни мезонда ўлчанади. Яхшилиги кўп бўлса, мукофотга эришади, ёмонлиги кўп бўлса, жазосини олади. Сўровчи қалбидаги ҳамма нарса Парвардигор муҳаббати олдида эътиборсиз қолади. Унинг қалбида Аллоҳга севгиси тўлиб–тошади. Мана шу нарса сўровчининг қиёматга тайёргарлигидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Сен севганинг билан бирга бўласан”, деганларининг ҳикмати шунда (“Наводирул усул фи маърифати аҳодисир расул”, 667-б).
Сўровчи бошқаларга кўра ижтиҳоди кучли, қалби ихлосли, имони пок, ўзи шубҳа-гумонлардан узоқ, олий хулқлар билан зийнатланган, тубанликлардан пок бўлгани боис, Аллоҳ Ўз севгисига эриштиради. Зеро, Аллоҳ севгисига Уни севганларгина етишади.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй имон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирур, улар Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи, Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлур» (Моида, 54).
Аллоҳ таоло банда қалбини очса ва ёриштирса, ғафлатдан огоҳ этса, ўша қалбда Парвардигорига муҳаббати жўш урмаслиги мумкин эмас.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирор инсон Аллоҳ ҳузурида худди туялардай итоатда бўлмагунича ва ўз нафсини паст санамагунича имон чўққисига ета олмайди”, деганлар.
Бошқа ҳадисда: “Бир нарсани севишинг сени кўру кар қилади”, дейилган.
Инсон қалби битта: агар дунёни севса, уни кўр қилади ва охират ҳақида эшитгиси келмайди. Зеро, севги қалбда алангаланадиган ҳароратдир. Агар қалбга шаҳват ҳарорати кирса, уни кўр қилади ва бошқа нарсалар ҳақида эшитишдан тўсади. Қалб охиратни севса, муҳаббати туфайли дунёни устун кўрмайдиган бўлади.
Инсон қалби табиатан юксакликка интилувчан яратилган. Инсон илм аҳлини кўрса, уларнинг қадри улуғ, насибаси баланд эканини ҳис этади. Охират аҳлини кўрса, қалби юмшайди. Қалбига Аллоҳнинг улуғлиги ва азаматининг муҳаббати тушса, қалби юқоридаги ҳолатлардагидан ҳам қаттиқроқ юмшайди. Муҳаббат аҳли олдинги қавмлар каби улкан саодат ва бахт топиб, бошқалардан фарқли тарзда, Аллоҳ Ўз хоҳиши билан уларни ҳидоятга йўллади. Улар икки тоифа бўлиб, бу ҳақда Қуръони карим бундай дейди
«…Аллоҳ унга (динга) Ўзи хоҳлаган кишиларни танлар ва Унга инобат қиладиган кишиларни ҳидоят сари йўллар» (Шўро, 13).
Биринчи тоифадагилар пайғамбарлар бўлиб, Аллоҳ уларни ҳеч шубҳа ва тараддудсиз бу йўлга бошлаган. Иккинчиси авлиёлар бўлиб, улар муҳаббатлари туфайли Аллоҳга дўст бўлишган.
Аллоҳ таоло айтади:
«…мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи…» (Моида, 54).
Муфассирлар бу оятда назарда тутилган икки тоифа: истиқомат аҳллари ва яқийн аҳллари назарда тутилган дейди.
Истиқомат аҳллари ўз ҳақларини мўминлар ҳақидан паст қўяди, мўминга раҳмдил бўлади ва лутф кўрсатади, уни ўзларидан ҳам яхши кўради. Мўминни азиз деб билишади, Аллоҳ йўлида тинимсиз ҳаракат қилишади ва бу йўлда одамларнинг маломатидан қўрқишмайди.
Муфассирлар яқийн аҳлларини Аллоҳнинг ҳар бир хоҳиши олдида ўзларини хор тутувчилардир, дейди. Уларга Аллоҳ баъзи сирларни ошкор қилади. Улар ҳеч бир тараддудсиз Аллоҳга ўз ихтиёрларини топширади. Ботилдан устун туриб, ҳар қандай чорасиз ҳолатда ҳам ундан юз ўгиришади. Нафс яқийн аҳлини алдашга йўл тополмайди. Улар маломатчининг маломатидан қўрқмайди. Яқийн аҳли қалбида одамлардан хавф йўқ.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йиғлаганларида, у зотдан: “Нега йиғлаяпсиз?” деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг ширк келтиришингиздан ва енгил шаҳватга берилишингиздан ниҳоятда хавфдаман”, дедилар.
Мақтов ва мақтанишни яхши кўриш енгил шаҳват ҳисобланади. Бу одамзоддаги энг кучли нарсалардандир. Ҳунармандлар, қорилар, зоҳидлару парҳезкорлар шунга мубтало бўлган. Мақтов ва мақтаниш гуноҳларни енгил санашга олиб боради ва савоблардан четланишга сабаб бўлади. Киши мақтов ва мақтанишни яхши кўрмаслиги керак, акс ҳолда, икки дунё саодатидан бенасиб қолади. Мақтовни суймаган инсон қалбида фақат Аллоҳнинг улуғлиги бўлади, дили Аллоҳ раҳматига тўлади. Аллоҳнинг раҳматига муштоқлик қалбдаги бекорчи нарсаларни ўлдиради ва қалбни поклайди. Натижада, қалб маломатчиларнинг маломатларидан қўрқмайдиган бўлади. Агар у шу босқичлардан ўтса. Аллоҳнинг ягоналигини ҳис этади ва Унинг жамолини истайди. Унинг қалбини мана шу улуғлик эгаллайди, ўтирса ҳам, турса ҳам фақат шуни ўйлайди ва бу нарса умрининг мазмунига айланади (“Наводирул усул фи маърифати аҳодисир расул”, 668-б).
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Аллоҳ таолони хос танийдиган қанча–қанча валийлар бор, улар танилмаган ҳам, билинмаган ҳам”.
Собит (розияллоҳу анҳу) айтади: «Ҳеч кимни масхара ва мазах қилманглар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) бизларга айтиб берди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бақиъда эканларида олдиларида кўзлари шилпиқ, билаклари тирналган, оёқлари ингичка, эгнига икки жанда кийиб олган, идишда сотиш учун ёғ кўтарган бир саҳройи бор эди. Расулуллоҳ унга: “Эй нурли киши”, дедилар. Саҳройи: “Лаббай”, деди ва: “Ким мендан ёғ сотиб олади? Мени касодга учраган, деб ўйладингизми?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй нурли одам, инсонлар наздида касод бўлсанг ҳам, Аллоҳ ҳузурида касод бўлмайсан. Агар Мадинага келсанг, меникига туш, мен ҳам водийга чиқсам, сеникига тушаман”, дедилар”» (“Наводирул усул фи маърифати аҳодисир расул”, 669-б).

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм