Аллоҳга ишингиз тушмаса…
Султон Маҳмуд Ҳиндистонга 17 маротаба юриш қилди. Ўша жанглардан бирида жуда қаттиқ қаршиликка учради. Бу мушкул аҳволдан чиқиш учун Аллоҳ таолога бундай дуо қилди:
– Ё Аллоҳ! Сен мушкулларни осон қилгувчисан! Бизларга ёрдам бер. Агар бу жангда ғолиб бўлсам, тушган барча ўлжани фақирларга тарқатаман!
Жангда Султон Маҳмуднинг қўли баланд келди. Шунда ваъдасига кўра, ўлжаларни йўқсилларга тарқата бошлади. Буни кўрган аъёнлар:
– Султоним, нима қиляпсиз? Шунча бойлик камбағалларга тарқатиладими? Улар қимматбаҳо нарсаларнинг қадрини қаердан билсин? Бунинг устига, давлатнинг ўлжаларга эҳтиёжи бор! – дейишди.
Бу сўзларни эшитган ҳукмдор иккиланди ва маслаҳат учун ўз даврининг шайхига мурожаат қилди. Султоннинг сўзларини тинглаган олим деди:
– Султоним, бунда иккиланадиган ҳеч нарса йўқ! Очиқ-ойдин кўриниб турибди, бир танлов қилишингиз лозим. Агар Аллоҳга бошқа ишингиз тушмаса, одамларингизнинг айтганини қилинг. Бойликни хазинага қўйинг. Агар Яратганга яна ишингиз тушса, сўзингизнинг устидан чиқинг!
Қобилжон СОТВОЛДИЕВ
Марҳамат туманидаги 42-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 5-сонидан