Мақолалар

Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га келтирган таом ва шаробдаги улуғ барака

Чоп этилди Aprel 23, 2020 Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га келтирган таом ва шаробдаги улуғ баракаda fikr bildirishni o'chirish

Абдуллоҳ ибн Туҳфа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меҳмонлар келиб жам бўлган вақтларда: “Ҳар бир киши меҳмонлари билан қайтсин”, дер эдилар. Агар масжидда меҳмонлар жуда ҳам кўпайиб кетса: “Ҳар бир киши ёнида ўтирган киши билан қайтсин”, дердилар. Шунда мен Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ўтирган эдим у киши билан қайтдим.

У киши уйга кирган вақтларида: “Эй Ойша, бирон нарса борми?” дедилар. Ойша (розияллоҳу анҳо): “Бор, сизга ифторлик учун таом ҳозирлаб қўйганман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни менга олиб кел”, дедилар. Ойша (розияллоҳу анҳо) таомни бир кичик косада олиб келди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан олдилар ва бизларга узатиб: “Бисмиллаҳ деб енглар”, дедилар. Ундан ҳаммамиз олдик, биронтамиз ҳам қуруқ қолмадик. Шундан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ичиш учун бирон нарса борми?” дедилар. Ойша (розияллоҳу анҳо): “Озгина сут[1] бор, сизга ифторлик учун тайёрлаб қўйганман”, деди.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Олиб кел”, дедилар. Сут олиб келинди, ундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ичдилар ва бизларга узатиб: “Бисмиллаҳ, деб ичинглар”, дедилар. Сут ҳаммага етди.

Кейин намозга чиқдик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозга чиқиш вақтларида ўз аҳлларини “Намоз, намоз”, деб огоҳлантириб кетаётган вақтда юзини тескари қилиб ётган бир кишини кўрдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу ким?” дедилар. Мен: “Абдуллоҳ”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу ерга қараб ётиш, бу ётишни Аллоҳ таоло хуш кўрмайди”, дедилар»[2].

[1] Бир кишига етадиган сут.

[2] Абу Нуъайм. “ад-Далоил”. – Б. 367.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган