Мақолалар

Сийрат. НАБАВИЙ ГЎЗАЛ ХИЛҚАТНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТИ

Чоп этилди Aprel 24, 2020 Сийрат. НАБАВИЙ ГЎЗАЛ ХИЛҚАТНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТИda fikr bildirishni o'chirish

(Давоми, бошланиши ўтган сонларда)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга гўзалликнинг барчаси ато этилгани ҳадисларда зикр қилинган.

Юсуф алайҳиссаломга эса гўзалликнинг ярми берилган. Аёллар Юсуф алайҳиссаломни кўрганларида унинг чиройига мафтун бўлиб, ҳатто қўлларини кесишгани, «Во ажабо! Бу инсон эмас, фариштанинг ўзи-ку», дея ҳайратланишгани Қуръони каримда зикр қилинган. Шоир бу ҳақда бундай байт ҳам битган:

Кўрса эди Юсуфни Зулайҳо қўноқлари,
Рози бўларди ҳатто кесишга юракларин.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзалликларидаги икки жиҳат, яъни улуғвор ҳайбат ва порлаб турган нур кишиларни у зотнинг чиройларига мафтун бўлиб қолишдан тўсарди.

Улуғвор ҳайбат

Ҳинд ибн Абу Ҳола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғворликлари ва ҳайбатлари ҳақида бундай деган: «У зот алайҳиссалом кўркам ва юксак ҳурмат-эҳтиром соҳиби эдилар» (Имом Термизий ривояти).

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бехосдан йўлиққан кишини у зотнинг салобатлари босар эди» (Имом Термизий ривояти).

Яна бошқа бир саҳобий айтади: «Набий алайҳиссалом давраларда энг виқорли бўлиб кўринар эдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бир куни у зотнинг ҳузурларига бир киши кириб келиб, ҳайбатларидан ўзини йўқотаёзди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатни кўриб: «Хотиржам бўл», дедилар» (Имом Бухорий, Имом ибн Можа ривояти).

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳазрати Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида бундай дейди: «Набий алайҳиссаломнинг салобатларидан ҳаяжон босиб, юзларига бемалол қарашга ботинолмаганман. Шунинг учун бирор киши мендан ул зотнинг таърифларини сўраса, тавсифлаб беришга ожизман» (Имом Муслим ривояти).

Ибн Абу Ҳола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сифатлаб шундай деган: «У зот алайҳиссалом гапирганларида ҳузурларида ўтирганлар худди бошларига қуш қўнгандек жим ўтирардилар» (Имом Термизий ривояти).

Дарҳақиқат, саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юксак ҳайбат ва виқорлари туфайли у зотга қарашга журъат қила олмас эдилар. Шуни эътиборга олсак, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни фақатгина ёш саҳобалар ёки пайғамбарлик келишидан олдин у зотнинг қарамоғларида тарбия топган Ҳинд ибн Абу Ҳола ва Али розияллоҳу анҳу каби саҳобалар сифатлаб берганларини кўрамиз.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган кишини улуғ ҳайбат ва виқорлари туфайли қаттиқ титроқ босар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг қўрқуви босилсин деб, юмшоқ ва мулойим муомалада бўлардилар.

Қайла бинт Мухримадан келтирилган ривоятда шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чўккалаб ўтирганларини кўрганимда, мени ҳаяжон босди. Шунда бир киши: «Ё Аллоҳнинг Расули, бечора аёл ҳаяжонланяпти», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқаларида турган ҳолимда, менга қарамасдан: «Эй мискина! Хотиржам бўл», дея таскин бердилар. У зот шундай деганларидан сўнг Аллоҳ таоло ичимдаги ҳаяжонни кетказди».

Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Икки олам сарвари» китобидан

Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 5-сонидан