Бахт яхшиликлар эвазига берилади
Тўй-маросимларни ислоҳ қилиш учун ҳукумат қарорлари, фатволар эълон қилинди. Мақолалар ёзилиб, мажлислар ўтказилди, маъруза ва кўрсатувлар тайёрланиб, оммага узатилди. Аммо ҳали ҳамон тўйлардаги исрофгарчилик, кимўзар, ҳашамат тўхтагани йўқ. “Эл дастурхонидан едик, энди биз ҳам қайтаришимиз керак”, “Одамлар нима дейди?” “Орзу-ҳавасимиз бор”, “Боламнинг кўнгли ўксимасин” каби гаплар билан ўзимизни оқлашга ҳаракат қиламиз. Ҳолбуки, булар баҳона, холос.
Афсуски, миллиард-миллиард пуллар сарфланиб, минглаб одамларни чақириб ўтказган тўйларимиз фойдадан кўра кўпроқ зарар бермоқда. Тўйдан кейинги можаролар, қудалар орасидаги келишмовчилик, ҳомиланинг тушиши, бефарзандлик, турли касалликлар, оилаларнинг бузилишига эҳтимол тўйлардаги исрофгарчилигу дабдабабозликлар сабаб бўлаётгандир? Чунки биз Аллоҳ берган неъматларни ҳавога совураётган бир пайтда, қайсидир юртларда одамлар очликдан нобуд бўлишмоқда. Энг ачинарлиси, орамизда ҳам оғир дардга чалиниб, даволанишга маблағ тополмай юрганлар, ўғлини уйлашга, қизини чиқаришга қурби етмай турган юртдошларимиз топилади. Тўйни соддагина қилиб, қолган пулимизга ижтимоий кўмакка муҳтожларнинг ҳожатини чиқарсак, нур устига нур бўларди. Зеро, инсонга бахт ўзгаларга қилган яхшиликлари эвазига берилади.
Мен тўйларимизга қарши чиқмоқчи эмасман. Фақат тўй, маърака-маросимларимизни камхарж қилиб ўтказиш тарафдориман. Зеро, тўйга қанча кам одам айтилса, шунча чиқим кам бўлади. Қариндошларнинг ҳам ҳаммаси келиши шарт эмас, энг яқинлари айтилса, кифоя.
Аслида никоҳ тўйи икки бегона инсоннинг бир-бирлари билан унаштирилганини одамларга билдириб қўйишдан иборат. Содда қилиб айтганда, никоҳ “фалончининг ўғли фалончининг қизи билан юрибди”, деган гаплар тарқалмаслиги учун эълон қилинади. Никоҳ учун икки нафар гувоҳ ҳам етиб ортади. Никоҳни эълон қилиш саноқли кишиларга билдириб қўйиш билан ҳам ҳосил бўлаверади. Шунинг учун тўйни данғиллама қиламан деб, ортга суришдан наф йўқ. Чунки бу ҳол ёшларимиз ҳақида турли “гап-сўзлар” тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
Аҳмад Муҳаммад Турсун “Сиз қандай яшамоқчисиз?” номли китобида қуйидагиларни ёзади: «Араб мамлакатидаги бадавлат бир хонадоннинг никоҳ тўйида қатнашдим. Икки залга эллик нафарча эркак ва шунча аёл тўпланган. Зиёфатда ярим косадан суюқ, биттадан ликопчада палов тортилди. Дастурхонда нон, пўртахол, банан ва бир хил мева шарбатидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Эй инсонлар, ёлғонни ёзаётганим йўқ, тўй дастурхонида шулардан бошқа ҳеч нарса йўқ! “Нега бундай камтарона тўй қилдинг?” деб ҳеч ким уни юртидан қувиб чиқаргани йўқ! Ваҳоланки, тўй эгаси икки-уч корхона, бир неча катта дўконларга эга йирик сармоядор эди. Истаса, хориждаги оролними, қасрними ижарага олиб, тўйни ўша ерда шоҳона қилиб ўтказишга ҳам қурби етарди. Ундан бундай камчиқимлигининг сабабини сўрасам, “Бизлар – қиз узатганда дастурхонга арпа нони, хурмо ва бироз гўштдан бошқа нарса қўймаган Пайғамбарнинг умматимиз!” деб жавоб қилган эди».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганларида, бир қўй сўйиб, тўй қилганлар. Уйланмоқчи бўлган саҳобаларга ҳам шундай тавсия қилар эдилар.
Биз ҳам бу борада бир ёқадан бош чиқарадиган бўлсак, ҳаммаси изга тушади. Агар кимдир озчиликни чақириб, кам харажат билан тўй қилса, тўйга айтилмай қолганлар – қариндошми, синфдошми, ҳамкасбми, дўст-ёрларми – ким бўлишидан қатъи назар, бундан сира ранжимасин. Аксинча, исрофга йўл қўймагани, кимўзарга берилмагани, энг муҳими, зиммасидаги вазифани суннатга мувофиқ бажаргани учун раҳмат айтишимиз керак. У ҳақда ёмон гумонда бўлганларга ҳам чиройли насиҳат қилсак, бора-бора ҳамма шунга одатланади. Натижада жамиятимиз чирмовуқдек ёпишган бу иллатдан буткул халос бўлади. Зеро, биз ёмонликка барҳам бериб, яхшиликни ёйишга буюрилганмиз. Ахир, биз ҳам Пайғамбар умматимиз!
Мустақим ИСОЕВ
Шофиркон туманидаги “Қори Фазлиддин” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 5-сонидан