Мудофаага энг кўп маблағ сарфлаётган беш мамлакат номи эълон қилинди
Россия ҳарбий сарф-харажатлар бўйича 2019 йилда дунё мамлакатлари орасида тўртинчи ўринни эгаллаган. Мамлакатнинг мудофаа мақсадлари учун сарфлаган маблағи 65,1 миллиард долларга (4,5 фоизга ошган) етган.
Стокгольмдаги дунё муаммоларини тадқиқ қилиш халқаро институти (SIPRI) эълон қилган пресс-релизда ана шундай рақамлар келтирилган.
Институт тарқатган маълумотларда келтирилишича, 2019 йилда ҳарбий харажатлар учун дунё бўйича 1 триллион 917 миллиард долларга (ўсиш 2018 йилга нисбатан 3,6 фоиз) ўсган.
Шунингдек, маърузада ушбу кўрсаткичлар бўйича биринчи ўринда бораётган АҚШда ҳам мудофаа харажатлари ўсгани айтилди. Ўтган йили АҚШнинг бу борада сарфлаган маблағи 5,3 фоизга ошган ва 732 миллиард долларни ташкил этган.
Биринчи бешликка шунингдек, улкан ҳарбий харажатлари билан Хитой, Ҳиндистон ва Саудия Арабистони ҳам кирди.
Масалан, Хитойнинг мудофаа харажатлари ҳам ўтган йилда 5,1 фоизга ортган ва 261 миллиард долларга етган. Ҳиндистон ўзининг бу борадаги кўрсаткичларини 6,8 фоизга ошириб 71,1 миллиард доллар сарфлаган.
Бундан ташқари, мудофаага энг кўп пул сарфлаётган дунёдаги 15 мамлакат орасида Германияда ҳам ўсиш жуда юқори бўлди. Мамлакат 2019 йилда қуролланиш харажатларини 10 фоизга (49,3 миллиард доллар) оширган.