Мақолалар

Мурувват борча бермакдур, емак йўқ

Чоп этилди Aprel 27, 2020 Мурувват борча бермакдур, емак йўқda fikr bildirishni o'chirish

Низомиддин Мир Алишер Навоий сўз мулкида султон, авлиёлар учун муршиди азиз, ўта саховатли ва мурувватпеша инсон сифатида дунё аҳли муҳаббатини қозона олди. Бу бежиз эмас, албатта.

Чунки темурийлар сулоласи фарзанд тарбиясига жуда катта эътибор билан ёндашган. Шу сабабли Ғиёсиддин Кичкина (Баҳодир) оиласида ҳам янги “меҳмон”га юксак эҳтиром кўрсатилган. Икки ёшида мусиқага, чолғу асбобларига ҳавас, китоб мутолааси, шеър ва ғазал тинглашга бўлган кучли қизиқиш бўлғуси шоир учун катта мактаб вазифасини ўтади. Алишерни Мавлоно Лутфийнинг юксак эътирофи, Шарафиддин Али Яздийнинг дуолари баракоти илм ва салоҳиятда юксалтирди. Оиладаги гўзал тарбия, ҳалоллик, ижтимоий муҳит ўспиринлик чоғидан Ҳусайн Бойқаро билан ўрталарида мустаҳкам дўстлик ришталарини боғлади, нозик қалб ва ноёб истеъдод соҳиби бўлиб камолга етишида муҳим асос бўлди.

Ҳазрат Алишер Навоий умрини эл манфаати, одамлар эҳтиёжлари, халқ турмуш фаровонлиги учун фидо қилди. Тарихчи олим Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, ҳазрат Навоий Ҳусайн Бойқаронинг бош вазири сифатида бир неча йил, ҳатто умрининг қарийб ярмини халқ хизматига бағишлади. У зот боғ ва экин майдонлари барпо этди. Уч юздан зиёд бинолар қурдирди.

Ҳазрат Навоий барча мол-мулкларини халқ фаровонлиги учун сарфлаган. Ҳирот мадрасаларида ўқийдиган талабаларнинг “стипендия”лари, мударрисларнинг ойлик маошлари, уларга бериладиган қишки ва ёзги кийим-бошлар, Ҳирот аҳолисининг бир йиллик солиқ тўловлари, қанча-қанча йўқсил, бева-бечораларга ҳомийлик қилиш ҳазрат томонидан беминнат амалга оширилган.

Одамий эрсанг, демагил одамий,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами

Таниқли олим Азиз Қаюмов “Алишер Навоий” рисоласида ёзишича, ҳазрат Навоий ўз маблағи ҳисобидан жуда кўп бинолар, хусусан, “Шифоия”, “Ихлосия”, “Низомия”, “Хисравия”, “Халосия” мадрасалари, юзлаб ариқ ва кўприклар, работ ва масжидлар, тўғон ва ҳаммомлар бино қилдирган. 1500 йили Ҳирот шаҳри аҳолисидан 100 минг кепакий солиқ ундириладиган бўлган. Халқ орасида Ҳусайн Бойқарога нисбатан норозилик чиқмаслиги учун шунча пулни Навоий тўлаб юборган. Ҳар куни минглаб нон, озиқ-овқатни оддий аҳолига эҳсон қилиб турган.

Шунча олтину бойлиги бўла туриб ҳамиша хокисор ва мутавозе бўлган ҳазрат Навоий ўзининг шоҳ асарларида улуғланган комил инсон намунаси эмасми? Сўзи билан амали уйғун, мос келган шоиргина ҳақиқий ижодкордир. Лекин бундай фазилатга эга бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Юз жафо қилса манга, бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам.

Навоий асарларини ўрганишдан аввал у зотнинг улуғ шахсиятини чуқур ўрганмоғимиз зарурияти туғилади.

Минглаб туяларни муҳтож оилаларга тарқатган улуғ инсонларни эшитганмиз. Навоий ҳазратларини ҳам одамийлик ва халқпарварлик бобида ана шундайлар қаторига қўйсак арзийди. Не-не пулдору подшоҳлар ўтмади бу ёруғ оламдан… Бироқ биргина хизматкор ва икки дона уловдан ташқари бор бисотини доимо эл-юрт эҳтиёжига сарф этган сахий ва жўмард инсонлар унчалик кўп эмас.

Мурувват борча бермакдур,емак йўқ,
Футувват барча қилмакдур, демак йўқ.

Шу боис Аллоҳ таоло Навоий ҳазратларига сўзлар гавҳарини, маънолар хазинасини, умрбоқий асарларни инъом этди. У зотнинг барҳаёт сиймолари асрлар оша кўнгиллардан кўнгилларга кўчиб улуғланаётир. Ахир, ҳали ҳеч ким у зотчалик кўп ва хўб ёза олмаётир!

Замондошларимиз орасидан ҳазрат Навоий асарларидан атиги биргина байтни ўқиб, унга амал қиладиган, одамийлик ва элпарварлик ҳикматларини ўзида мужассам этиб, меҳрга муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўза оладиган жўмард инсонлар кўпайса… Алишер Навоий ҳазратлари айтганларидек:

Навосиз улуснинг навобахши бўл,
Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл.

Дилором ЭРГАШЕВА

“Халқ таълими аълочиси”, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани
10-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан