Мўмин – йўлни ёритувчи чироқ
Олдингиздан бири зимистон, иккинчиси чароғон кўча чиқса, қай бирини танлайсиз? Албатта, ёруғ кўча сизни ўзига чорлайди.
Мўмин бамисоли чироқ, у Аллоҳнинг динини тарқатади. Кўча қанчалик ёруғ бўлса, манзилга адашмасдан етиб олиш имконияти шунчалик катта бўлади. Симёғочлар савлат тўкиб турса-ю, чироқлари ёнмаса, не фойда?!
Дунё – зулматда, уни имонли инсонлар ёритади. Ҳар қандай ёруғлик масофа узайгани сайин ғойиб бўлади. Аммо имони комил зотларнинг нури осмону фалак қадар порлаб туради. Аллоҳ таоло барчамизни яхшилик йўлларини ёритувчи бандаларидан қилсин.
Душманга эргашмайлик
Ҳаётнинг бошланиши Аллоҳ таолонинг измида бўлганидек, тугаши ҳам У зотнинг ихтиёрида. Парвардигори олам бандасига ёмонликни истамайди. Ҳатто шайтонга ҳам имкон бериб қўйган.
Қонимизга сингиб кетган: “Фалон иш мен туфайли амалга ошди”; “Мен бўлмасам, мана бу иш битмас эди”; “Бу ишнинг натижаси менга боғлиқ” каби ўзига баҳо беришлар шайтоний хулосалардир. Биз дўст қолиб, душман (шайтон)нинг этагидан тутдик. Ҳолбуки, шайтон бизни чоҳга қулатиб, ўзи ғолиб ҳолда яна кимнидир йўлдан оздириш учун ортига қайтади.
Шу онда шўрлик инсон Яратганга илтижо қила бошлайди. Ҳар ерда ҳозиру нозир Зот ўша заҳотиёқ бандасига ёрдамга шошади. Биз бир умр Аллоҳга итоатдан бўйин товласак-да, У зот бизга ризқ, обрў бераверади. Биз эса, танимизнинг соғлиги улуғ неъмат эканини ҳам унутиб қўямиз.
Заҳириддин МАНСУР
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 3-сонидан