Мақолалар

Қабр, дафн қилиш ҳақида, уларга тегишли масалалар

Чоп этилди Aprel 29, 2020 Қабр, дафн қилиш ҳақида, уларга тегишли масалаларda fikr bildirishni o'chirish

Қабр ҳақида

Маййит дафн қилинадиган қабрни лаҳад кўриниши­да ковлаш суннат.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنهُمَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اللَّحْدُ لَنَا وَالشَّقُّ لِغَيْرِنَا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَأَحْمَدُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Лаҳад бизларга, шаққ биздан бошқаларга», дедилар». Сунан эгалари ва имом Аҳмад ривоят қилишган.

Лаҳад – ерни ковлаб, сўнгра қибла томонидан ай­вон очиб, ўликни қўядиган жой тайёрлаш услубидаги қабрдир.

Шаққ – ёрма эса, тўғри ковлаб тушиб, яна шу ковланган чуқур ўртасидан жасад учун жой тайёрлашдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳадисларини тушунишда турли фикрлар ўртага қўйилган.

Баъзи кишилар лаҳад биз, мусулмонларга, шаққ биздан бошқа миллатларга, дейилгандир, деб айтганлар.

Ундай бўлса, Абу Убайда ибн Жарроҳдек улуғ, жаннат башорати берилган ўн кишидан бири саналган саҳо­бийнинг шаққ усулида гўр қазиш бўйича мутахассис бўлганини қандай тушиниш керак?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафиқи Аълога интиқол қилганларида, саҳобалар шаққ ковлайдиган олдин келса, шаққ, лаҳад ковлайдиган олдин келса, лаҳад ковлаймиз, деганларини қандай изоҳлаш мумкин? Бошқа фикрлар ҳам шунга ўхшаш саволларни туғдиради.

Бизнингча, икки услубдан қайси бирини ихтиёр қилиш имкони бўлганда, лаҳад услуби афзал кўрилиши биз мусулмонларга хослиги, бошқа миллатлар эса шаққ­ни ихтиёр қилганликларидан бўлса керак. Амалда ҳам мусулмонлар ер тузилиши имкон бермаганидагина лаҳадни қўйиб, шаққ қазийдилар. Бошқа миллатлар эса,одатланганликларидан нима бўлишидан қатъи назар, шаққ қазийдилар.

قَالَ سَعْدَ بْنَ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ اللهُ عَنهُ فِي مَرَضِهِ الَّذِي هَلَكَ فِيهِ الْحِدُوا لِي لَحْدًا وَانْصِبُوا عَلَيَّ اللَّبِنَ نَصْبًا كَمَا صُنِعَ بِرَسُولِ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَالنَّسَائِيُّ.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўлимидан олдинги беморлигида «Менга лаҳад қазинглар. Устимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қи­линганига ўхшаб ғишт қаланглар», деган. Имомлар Муслим, Аҳмад ва Насоий ривоят қилишган.

Саҳобаи киромлар каттаю кичик ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга уринар эдилар. Мана, улардан бирлари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўзларининг қабри ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламникига ўхшаш бўлишини васият қилмоқдалар. Ривоятдан ери юмшоқ бўлиб, лаҳад ковлаш имкони бор жойларда лаҳад афзал экани кўриниб турибди. Бизнинг ғишт деганимиз хом лойдан қотирилган бўлакни англатади. У бизнинг бугунги тушунчамиздаги хом ғишт ёки гувала бўлиши мумкин. Ўлик лаҳадга қўйилганидан кейин лаҳаднинг оғзига ўша нарсалар қаланиб, сўнгра устидан тупроқ тортилади.

Қабр маййитнинг ўнг томони қибла тарафга бўла­диган тарзда ковланади. Бу ҳанафий мазҳаби қонун-қоидаларига биноандир. Бироқ имом Шофеъий раҳ­матуллоҳи алайҳининг мазҳабларида қабрнинг шакли маййитнинг оёғи қибла тарафга қилинган ҳолда ковланади. Бунга Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги “Ҳас­тимом” даҳасида жойлашган Қаффол Шоший раҳма­туллоҳи алайҳи[1]нинг мақбараларидаги у зотнинг ва имом Ҳофиз Кўҳакий раҳматуллоҳи алайҳи[2]нинг қабрларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Баъзи ўлкаларнинг ерларини чуқур ковлаб бўлмайди. Ярим метр ковланмасидан сув чиқиш эҳтимоли катта бўлади. Бундай ерларда сув чиқадиган жойгача бироз ковлангач, маййит ернинг устига дафн қилинади. Шунинг учун қабрни ковлашда ерларнинг хусусияти катта аҳамиятга эга.

Маййит қабрга дафн этилишининг ҳикмати инсоннинг ҳурмати поймол бўлишидан, ундан ёқимсиз ҳид таралиб, тирикларга зарар етказишидан, йиртқич ҳай­вонлар талаб кетишидан сақлашидадир.

Баъзи ўлкаларда қабрга қўйилган маййит тагига тахта ёки шунга ўхшаш нарса тўшаш одати бор экан. Бу умуман мумкин бўлмаган иш. Шунингдек, маййитнинг тагига тўшак, боши остига ёстиқ қўйилмайди[3]. Тобут билан ҳам кўмиш мумкин эмас.

Қабрларни ганч билан суваш, устига сағана ёки (Сувли ерларда қабрни ер устига) қуришга фақат сизот сувлари яқин ва у тез-тез кўтарилиб турадиган жойлардагина бошқа илож йўқлигидан рухсат этилган. Лекин топиш осон бўлиши учун бирор ёзув ёки белги, ёхуд рақам ёзиб қўйишнинг зиёни йўқ. Бунга далил:

وعن المطلب بن أبي وداعة قال: لما مات عثمان ابن مظعون أخرج بجنازته فدفن أمر النبي صلى الله عليه و سلم رجلا أن يأتيه بحجر فلم يستطع حملها فقام إليه رسول الله صلى الله عليه و سلم وحسر عن ذراعيه. قال المطلب: قال الذي يخبرني عن رسول الله صلى الله عليه و سلم: كأني أنظر إلى بياض ذراعي رسول الله صلى الله عليه و سلم حين حسر عنهما ثم حملها فوضعها عند رأسه وقال: “اعلم بها قبر أخي وأدفن إليه من مات من أهلي”. رواه أبو داود

Ал-Муттолиб ибн Абу Вадоадан ривоят қилинади:

“Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу вафот этганида, уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (қабристонга) олиб чиқиб дафн қилдилар. Бир кишига тош олиб келишни буюрдилар. У тошни кўтара олмади. Пайғамбаримизнинг ўзлари турдилар ва енгларини шимардилар”. (Ал-Муттолиб дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида менга хабар бераётган киши (саҳобий) айтади: “Гўёки мен ҳозир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам енг шимарганларида билаклари оппоқли­гини кўриб тургандекман”.) Сўнгра уни кўтариб келиб, қабрнинг бошига қўйдилар ва: “Бу билан акамнинг қабрини билиб оламан ва аҳлимдан вафот этганларни бунинг ёнига дафн этаман”, дедилар. Имом Абу Довуд ривояти[4].

Олим ва солиҳ зотлар, азиз авлиёларнинг қабрлари йўқолиб кетмаслиги учун қабрларига тош қўйиб, уларга баъзи муҳим маълумотларни ёзиб қўйишни фуқаҳолар жоиз дейишган. Шунга кўра, бошқа оддий мусулмонларнинг қабрига тош қўйиб, исми ва туғилган-ўлган йиллари ёзиб қўйилишининг зарари йўқ. Аммо бунда ортиқча дабдаба, исрофга йўл қўйиш мутлақо мумкин эмас. Унинг ўрнига марҳумга савоби узоқ вақт етиб турадиган ишларга сарф этиш лозим.

Машҳур ҳанафий олим Ибн Обидиннинг “Раддул-мухтор” китобида, қабртошлари ерга тушиб, оёқости бўлишининг хавфи борлиги учун уларга ояти карималарни ёзиш жоиз эмас, дейилган.

Юқоридаги маълумотлардан қабрнинг сифати қуйидагича эканини билсак бўлади:

  1. Қабрларнинг энг саёзи ҳидни ман қиладиган ва жасадни йиртқич ҳайвонлар еб кетишидан сақлайдиган даражада бўлиши керак.
  2. Қабрни иложи борича чуқур ва кенг қилиш мандубдир.
  3. Ҳанафий мазҳабида қабрнинг чуқурлиги одам­нинг кўкрагигачадир. Узунлиги маййитнинг бўйича бўлади. Кенглиги маййит бўйининг яримича бўлса яхши.
  4. Фуқаҳолар лаҳад шаққдан афзал эканига иттифоқ қилганлар. Ер қаттиқ бўлса, лаҳад қилиш, юмшоқ бўлса, шаққ қилиш афзал, деганлар ҳам бор.
  5. Сувли ерларда қабрни ер устига қуриш мумкин. Бу сағана дейилади.

[1] “Ҳазрати Имом” дея тилга тушган Қаффол Шоший (209-904-281-976) ҳазратларининг тўлиқ исмлари Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шошийдир. У зот Шошда, ҳозирги Тошкент шаҳрида таваллуд топганлар. “Катта Қаффол” деган номлари араблар орасида маълум ва машҳур. “Қаффол” – қулфчи, қулфсоз дегани. У зот ўз замоналарининг пешвоси бўлиб, фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик каби илмлар бўйича тенги йўқ олим эдилар. Шамсуддин Заҳабий роҳматуллоҳи алайҳи Шоший ҳазратларини нафақат Мовароуннаҳр имоми, балки, Хуросон олими ҳам, дея таърифлаганлар. Ҳазрати имом аввал Мовароуннаҳр олимларидан, сўнгра Қазвин, Хуросон, Макка, Боғдод олимларидан илм олганлар. Ривоят қилинишича, у зот Византия адибларига ёзган қасидалари эвазига Ҳазрати Усмон мусҳафини олганлар. Бу зот фиқҳда имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида бўлганлар.

Имом Шошийнинг 9 та асари бўлган: “Шарҳур-рисола”, “Китоб фи усулил фиқҳ”, “Ал-Жадал ал-Ҳасан”, “Ат-Талхис фил-фуруъ”га ёзган шарҳлари, “Адаб ал-қози”, “Вузуъи қозий”, “Далоилул нубувват”, “Маҳосинуш-шариа” ва энг машҳури “Жавомиъ ал-калим” асарлари.

[2] Ҳофиз Кўҳакий ҳазратлари – Улуғбекнинг шогирди бўлмиш Али Қушчининг набираси (15-аср) бўлганлар. Асли исмлари Султон Муҳаммаддир. Ўз замонасининг илмли ва обрўли кишиси бўлганлари учун 935-1528-йили Тошкентдан тўй муносабати билан Ҳиндистонга Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳузурига хабарчи қилиб юборилган эдилар. Имом Ҳофиз Тошкентда 992-1584-йили вафот этганлар ва баъзи маълумотларга қараганда, Қаффол Шоший мақбарасига кираверишда ўнг тарафга дафн этилганлар. Бу зот ҳам фиқҳ бўйича имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳига эргашганлар.

[3] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980, 2-жуз. 533-бет.

[4] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал Хотиб ат Табризий. “Мишкатул масобеҳ”. “Маййитни дафн қилиш” боби. Байрут. “Мактабатул исломий”. 3-босма. 1985, 1-жуз, 385-бет

 

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан