Мақолалар

Бизни китоб бирлаштирди

Чоп этилди May 1, 2020 Бизни китоб бирлаштирдиda fikr bildirishni o'chirish

2005 йил эди. Аҳмад Лутфий Қозончининг “Саодат асри қиссалари” асарининг биринчи жилди сотилаётганини эшитиб қолдим. Бу китобни шу қадар олгим келдики, аммо имконим йўқ… Икки қизим талаба – Бухородаги “Жўйбори калон” мадрасасида ўқишарди. Пул орттира олмадим, лекин чора изладим.

Мактабда ўқитувчиман, ишга бордим. Бир ўқувчимнинг онаси китобхон, оиласининг иқтисоди анча яхши эди. Шу болага китобнинг нархини айтиб, онасига хабар-таклиф юбордим. Тезда жавоб келди, китобни сотиб олишибди. Жуда қувондим! У аёл китобнинг кейинги жилдларини ҳам сўради. Биргалашиб уларни ҳам топдик. Навбат билан бу ажойиб қиссаларни ўқиб чиқдик. Китобхонлар давраси кенгайиб борарди. Шундан сўнг “Ҳадис ва ҳаёт”нинг жузлари, “Тафсири Ҳилол” тўлиқ чиқди. Қувончимнинг чеки йўқ эди, чунки бу китобларни атрофимдаги бир неча қадрдонлар сотиб олишди, мен уларни бемалол ўқий бошладим.

Биз Қизилтепа туманининг Зармитан қишлоғиданмиз. Бизни китоблар дўстлаштирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратига оид китобларнинг барчасини сотиб олдик. “Нубувват хонадони хонимлари”, “Бахтиёр оила”, “Рўза”, “Намоз”, “Аёллар учун фиқҳий масалалар”, “Жаноза”, “Жаннат башорати берилганлар”, “Ансорлар”, “Пешқадамлар”, “Ислом тарихи” китобларини навбат билан мутолаа қилаверамиз. Фақат бир мулоҳазам бор: кейинги пайтда китобларнинг нархи ошиб бормоқда. Халқимиз маънавиятини юксалтиришда асосий омил бўладиган китоблар нархи жуда баланд бўлиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Балки ушбу соҳага маълум енгилликлар ва имтиёзлар бериш керакдир.

Дўстларим билан маслаҳатлашиб яқинда “Жўйбори калон” мадрасаси толибаларига китоблар ҳадя қилдик. Бу ишни давом эттирмоқчимиз.

Юртбошимиз китобхонликка катта эътибор қаратмоқда. Халқ кутаётган китоблар нашрдан чиқяпти, Аллоҳга беадад шукроналар бўлсин! Қалбимиз зиё нурларига тўлишини, авлодларимиз илмли, солиҳ амалларда пешқадам бўлишини истаймиз.

Роҳила СИРОЧЕВА

Навоий вилояти Қизилтепа тумани

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан