Мақолалар

Иқтисодий хатар

Чоп этилди May 2, 2020 Иқтисодий хатарda fikr bildirishni o'chirish

Ғанимат вақтини нафс лаззати ва шаҳват йўлида сарф қилувчи одам моддий ва маънавий таназзулга учрайди. Аллақачон маънан ва жисман заифлашган бундай инсон энди иқтисодий жиҳатдан ҳам заифлашади. Бу жараён бир-бирига узвий боғлиқ уч ҳолат сабабидан яққол кўзга ташланади: дармонсизлик; ишда самаранинг камайиши; ғайриқонуний касб қилиш.

Дармонсизлик. Машъум дардга чалинган, лаззат ва нафс кетидан юрувчи кимсаларда ақлий, жисмоний, хулқий ва руҳий касалликларга дучор бўлиш кузатилади. Бу эса қувватни камайтириб, дармонсизликни келтириб чиқаради. Бемор турли йўллар билан ўз дардига шифо қидира бошлайди. Юқорида зикр этилган дардларга осон шифо топиш амримаҳол. Даволаниш кўп маблағ талаб этади, иқтисодга жиддий зарар келтиради.

Ишда самаранинг камайиши. Ахлоқсизлик зарарлари ишдаги бараканинг йўқолишига сабаб бўлади. Биринчидан, нопок кимса молларини ёмон йўлда сарф этади, иккинчидан, бу йўлдаги кишида ўз ишига эътибор сусаяди. Чунки унинг қалбида инсофга чақирувчи бирор омил қолмаган, бузуқ ишлари кундан-кунга ўзига мойдек ёқиб боради. Ишга бўлган масъулиятни четга суриб қўяди. Оқибатда эса иши орқага тортади. Шуларни ҳам ўз қилмишининг оқибати деб билмаётган нафс қули бу бахтсизликнинг чорасини хато йўллардан қидира бошлайди.

Имом-домлалардан бири шундай воқеани айтиб берган эди: “Бир куни хонамга кўринишидан туппа-тузук бир киши кириб келди. Ораста кийиниши, салобатли ва ваз­мин кўринишидан бирор лавозимдаги киши бўлса керак, деган ўйга бордим. Назокатли оҳангда, дид билан сўрашиши эса, хаёлимдан ўтган фикрни яна тасдиқлади.

“Хуш келибсиз, биздан нима хизмат?” дея саволомуз қарадим. Бу гапимдан кейин нотаниш кишининг юзлари бироз тундлашиб, чуқур “уҳ” тортганча сўз бошлади: “Тақсир, менга ёрдамингиз жуда зарур. Шу десангиз, ўзим яхшигина бир жойда ишлайман. Қўл остимда анчагина одамлар меҳнат қилади. Сўнгги пайтлар ишим юришмай қолди. Гўёки барчаси тескари томонга кетаётгандек, тез-тез тобим қочиб қолади, даволаниш сабабидан назоратсиз қолаётган корхонамда иш унуми пасайиб кетди. Яхшигина ишлаб турган ишчиларим эса ишни ташлаб кетишяпти. Ҳамкор ташкилотлар шартномаларни сабабсиз бекор қилишмоқда. Ўйлаб ўйимга етолмайман, барчаси яхшигина кетаётган эди, бирданига нима бўлди, ҳайронман. Домла, бир ўқиб дам солиб қўйсангиз, ҳаммаси изга тушиб кетармиди, деган мақсадда олдингизга келдим.”

Имкон қадар унга тасалли бериб, ўқиб қўйдик-да, таскин сўзлар ила сабр қилмоғини айтиб, дуолар қилдик. Шу алфозда хайрлашаётган маҳалда, икки томонига бир-бир қараб, сергакланганча: “Домла, бир илтимосим бор, айтсам майлими?” деб қолди. “Айтинг”, деганимдан сўнг гап бошлади: “Қўл остимда бир неча йилдан буён бир аёл ишлайди. Тўғрисини айтсам, ўша аёл билан орамиз жуда яқин… хуллас, бир-биримизни ёқтирамиз. Аммо муаммо шундаки, ўртамизда никоҳ йўқ. Шу аёлни менга никоҳлаб қўйсангиз, домла, ҳар ҳолда, ҳалоллик деганларидай…” Бошимга биров гурзи билан ургандай бўлиб, жойимга ўтириб қолдим. Рангим ўзгарганини кўриб, гапини бошқа давом эттиролмади. Ҳадиксираган алфозда кўзлари бежо боқиб, бир вақтнинг ўзида мендан “ижобий” жавоб ҳам кутиб, жавдираб турарди. Бир неча сония ўтиб, ўзимни қўлга олиб, секингина, қаерда ишлаши ва исми шарифи билан қизиқа бошлаганимдан сўнг, дарҳол жуфтакни ростлаб қолди”.

Нафс қуллигига маҳкум бўлган бу банда бузуқлигининг касофатидан айни ҳайвоний сифатга эга бўлибди. Буни қаранг, инсондек мукаррам зотлар орасида ҳайвонлар­га ўхшаб қолиш тасаввурга сиғмайдиган даражада хорлик бўлса-да, бунга “эришганлар” ҳам топилар экан. Наҳотки “ҳалоллик” ҳақида “қайғураётган”, шунга “талпинаётган” инсон эркак ва аёл ўртасидаги бундай муносабатлар никоҳсиз бўлмаслигини, лоақал бир бора бўлса-да, ўйлаб ҳам кўрмаган. Ота-онаси фарзандининг шу каби қил­миш­ларидан хабардорми? Азизлар, бу каби муаммолар барчамизни бирдек ўйлантириб қўйиши аниқ.

Ғайриқонуний касб қилиш. Бундай балога учраб, иқтисодига ҳам зарар етган киши энди молу давлат талвасасига тушади. Қалб шу даражада хасталанадики, унга мол-дунёни қандай йўл билан топишнинг фарқи йўқ. Бу ҳар қандай йўл, биров мулкига хиёнатми, ўз мавқеини суиистеъмол қилишми, одам савдосими, ўғирликми, ҳеч биридан тап тортмасдан шуғулланади. Чунки у бир пасткаш, ўзига зулмкор кимсага айланди. Унинг ғафлат босган қалбидаги имони ҳам гўё милтиллаб қолган шам мисоли сўниб қолаёзган. Аллоҳдан қўрқишга ундайдиган ҳеч нарса қолмаган. Унга тузалишнинг биргина чораси – қилган ишидан қаттиқ надомат чекиб, тавба қилиб, нопок йўлга бошқа қайтмасдан, яхшиликда бардавом бўлишдир.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 20000 сўм