АҚШ ишчи визаси беришни соддалаштирди, аммо…
АҚШда деҳқончилик мавсуми бошланар экан, экин-тикинларни йиғиштириш учун ишчи етишмаяпти. Ҳар йили минглаб хорижликлар махсус ишчи визаси билан келиб, Америка далаларида ишлаб кетади.
Деҳқончилик ишлари учун бериладиган бундай виза тури “Н-2А” деб номланади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишчилар камайиб кетгани боис Давлат департаменти бундай визаларни интервьюсиз бериш ҳақида янги қарор чиқарди. Яъни ” Н-2А” визасини олиш учун топшириладиган аризалар, агар рад этиш учун жиддий сабаб бўлмаса, автоматик тарзда тасдиқланади.
Шу пайтгача ҳар бир аризачи билан алоҳида суҳбат ўтказилар ва шундан сўнг виза бериш-бермаслик ҳақида қарор қабул қилинар эди.
2019-йил “Н-2А” визаси билан АҚШга 258 минг хорижлик ишчи келган. Улар бу виза билан мамлакатда максимум 3 йил ишлашлари мумкин. Шундан сўнг яна Америкада ишлашни хоҳласа, мамлакатига қайтиб бориб, уч ой тургандан сўнг виза учун қайта ҳужжат топшириши мумкин.
АҚШда яшайдиган блогер Беҳзод Мамадиевнинг ёзишича, “Н-2А” визаси бериладиган мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон йўқ.