Сабр ҳам оила қўрғонларидан
Бурунги замонда аёлини ҳар қадамда айблаб, тинмай ҳақоратлайверадиган бир киши бўлган экан. “Бу одамнинг оғзидан чиққан сўзга илон ҳам пўст ташлайди, токайгача унинг сўкишларини эшитиб яшайсан”, дейишибди яқинлари аёлга. Лекин тошдан садо чиқса чиқаркан-у, аёл индамай яшайвераркан. Йиллар ўтиб эркак оғир дардга чалиниб қолибди, меҳр билан парваришлаётган аёлига ўзининг ўтган ишларидан пушаймон тортиб, бундай дебди:
— Бир умр сўкишу ҳақоратларимдан бўлак ҳеч сўз эшитмадинг, қандай қилиб мендек одамга чидаб юрибсан-а?
— Қиёматда сабрлилар қаторида бўлмоқчиман, — дебди аёл.
— Соғайиб оёққа турганимдан сўнг сендек аёлим борлигига доим шукрона келтираман ва бу билан қиёматда шукрлилар қаторида бўлурман.
Аёл бунга жавобан шундай дебди:
— Тангрим шукрли бандаларига раҳмат назари билан қарайди, лекин сабрли бандаларини янада кўпроқ севади!