Хом гапга пишиқ жавоб: “Сенки истамаяпсан…”
Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ даврида бир бадавлат ва обрўли киши бор эди. Унинг эътиқоди бузуқ бўлиб, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг куёвлари Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга нисбатан нафрати кучли эди. Ҳазрати Усмонни асли яҳудий деб эътиқод қиларди.
Ўша одамни Имом Аъзам хузурига чорлаб:
– Фалон маҳаллада бир бой яҳудий бор. Ўша бойвачча сенинг қизингни ўғлига сўраяпти. Рози бўлсанг, тўй қилиб икки ёшни қовуштириб қўйсак, – дедилар. Ҳалиги одамнинг рангги ўзгариб баданига титроқ кирди ва ғазабини ютолмай имомга деди:
– Сиз бутун бошли халқнинг имоми бўлатуриб, яҳудийга муслималарнинг турмушга чиқиши мумкинмаслигини билмайсизми?! – деб ўшқирди.
Шунда Имом Аъзам:
– Ўзингни бос, ёқмадими?! Сенки ўз қизингни яҳудий билан бирга бўлишини истамаяпсан, бундай никоҳга Расулуллоҳ қандай рози бўлсин?! – дедилар. Бу жавобни эшитиб мулзам бўлган бидъатчи эътиқодидан қайтиб тавба қилди ва аҳли суннага қўшилди.