ЎН БЕШИНЧИ ВАСИЯТ
عن أبى هريرة رضى الله عنه أن النبى صلى الله عليه و على آله وسلم قال: السَّفَرُ قِطعَةٌ مِنَ العَذَابِ، يَمنَعُ أَحَدَكم طَعَامَهُ وَ شَرَابَهُ وَ نَومَهُ، فَإِذَا قَضَى أَحَدُكُم نَهمَتَهُ مِن سَفَرِهِ فَليُعَجِّل الرُّجُوعَ إلى أهلِهِ. (أخرجه مالك وأحمد و الشيخان)
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди:
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Сафар қилмоқ азоб-уқубатдан, машаққатдан бир бўлакдир. Сизни емоқдан, ичмоқдан ва тўйиб ухламоқдан маҳрум қилади. Агар биронтангиз сафаридаги мақсадини амалга ошира олса, ўз оиласи олдига тез қайтсин” (Имом Молик, Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Биз ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг аввалги ҳадиси шарифларида сафар қилишнинг турлари ва ҳикматлари ҳақида мушоҳада қилиб, фикр юритган эдик. Бу тавсияларида эса, сафар қилиш қанча ҳикматли бўлмасин, барибир, машаққатли эканини ва сафардаги мақсад амалга ошиши биланоқ ўз юртига, ўз аҳллари олдига дарҳол қайтмоғи лозимлиги таъкидланмоқда. Ушбу ҳадиси шарифда баён этилган “Сафар (қилиш) азоб-уқубатдан бир бўлакдир…” деган жумланинг маъносини тўла англамоқ ва чуқур ҳис қилмоқ учун батафсилроқ тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо) ушбу ҳадис ҳақида бундай деганлар: «Агар Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сафар (қилиш) азоб-уқубатдан бир бўлакдир…” демаганларида, мен: “Азоб сафардан бир бўлакдир”, дер эдим».
Хўш, сафардаги азоб асосан нималарда бўлади? Буни жаноб Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларни емоқдан, ичмоқдан ва ухламоқдан маҳрум қилади…” дея баён қилмоқдалар. Демак, сафардаги машаққат ҳам жисмоний, ҳам руҳий, ҳам молиявий томондан бўлиши ойдинлашмоқда.
Дарҳақиқат, мусофир киши сафарда ўз уйидаги каби истаган таомини тановул қила олмаслиги тайин. Бунинг учун унга ўша диёрдаги муҳит имкон бермаслиги, яъни истаган таоми мазкур жойда тайёрланмаслиги ва маҳаллий аҳоли умуман тановул қилмаслиги мумкин. Дейлик, кўнгли тусаган таомини топган тақдирда ҳам, ўз уйидагидек доимий кўниккан шароитида тановул қила олмаётгани мусофирнинг дилини хира қилади. Ёки ўзи одатланмаган турли-туман таомларни истеъмол қилиб, мусофир юртда бехосдан тоби қочиб қолишидан сақланиб, ўзини ўта эҳтиёт қилади. Таом тановул қилиш тартиби ўзгариши билан киши, албатта, ҳаловатини йўқотади. Ёки ўз хонадонидаги каби кўнгли тусаган таом ёхуд ичимлик топилмаслиги эҳтимолдан холи эмас. Бу каби ейиш-ичишдаги пала-партишлик ва ҳар доимги тартибни йўқотиш жисмоний жиҳатдан яхшигина толиқишга сабаб бўлиши аниқ.
Иккинчи машаққат эса кишига жисмоний ва руҳий қувват берадиган неъмат бўлмиш уйқусида бўлади. Мусофирнинг уйқусида ҳам ором бўлмаслиги равшан. Баъзи кишилар ҳаттоки ўз уйида бир хонадан бошқа бир хонага ётоғини ўзгартириши билан ҳам уйқуси қочади. Айримлар эса, борган жойидаги шароитга мослаша олмайдилар ва шу сабаб уйқудан дарак бўлмайди. Яна бир тоифалар борки, йўл чарчоғи уларнинг асабларига жиддий таъсир қилиб, уйқуларини батамом йўқотадилар. Хуллас, таомдаги тартибсизлик ва уйқудаги беоромлик барчаси бирлашиб, кишини жиззаки қилиб қўяди. Бу ҳолатларнинг узоқ муддат давомли бўлиши инсонга жиддий руҳий зарба бўлади.
Яна бир муҳим жиҳати, сафарнинг мўлжалдан ошиб кетиши мусофирни молиявий жиҳатдан оқсатиб қўяди. Чунки ҳар бир сафарга отланган йўловчи маълум миқдордагина маблағни ўзи билан олиб чиқиши табиий. Ўзга юртда мусофир одам ҳамёнининг бўшаб қолиши эса жуда катта машаққатни келтириб чиқаради. Ҳадиси муборакда ушбу ҳолатларга тушиб қолиб, турли муаммолар гирдобида қолмаслик учун ҳам, сафардаги мақсади битиши биланоқ, дарҳол ўз уйига қайтиш кераклиги баён қилинмоқда.
Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайси саҳобаи киромни сафарга жўнатсалар, ҳақига бундай дуо қилар эдилар:
اللهُمَّ اطْوِ لَهُ البَعِيدَ، وَهَوِّنْ عَلَيْهِ السَفَرَ
“Аллоҳ! Унга узоғини яқин қилгин ва сафарини енгил қилгин” (Имом Аҳмад, Имом Насоий ва Имом Термизий ривояти).
Мусофир киши, айтиб ўтилган машаққатлардан ташқари, баъзи ўнғайсизлик, ноқулайликлар ва турли кутилган ва кутилмаган муаммоларга дуч келиб қолиши табиий. Шу боис, Аллоҳ таоло мусофирга қуйидаги амалларда ушбу енгилликларга рухсат берди:
- Таҳорат борасида рухсат: маҳсига масҳ тортиш ва таяммум.
- Фарз намози учун рухсат: қаср ўқиш.
- Нафл намозлар борасида рухсат: улов устида ҳам адо этиш.
- Рўза борасида рухсат: фарз рўзани тутиши ихтиёрий бўлади.
Аллоҳ таоло бандаси азимат билан амал қилишини яхши кўрганидек, мусофирнинг мазкур рухсатлардан ҳам ўз вақтида рисоладагидек истифода этишини жуда яхши кўради[1]. Зеро, ҳадиси шарифда келтирилган:
عن ابن عمر رضى الله عنهما، أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: “إن الله يحب أن تؤتى رخصه، كما يحب أن تؤتى عزائمه”
Ҳазрат Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бандаларининг азимат билан амал қилишларини яхши кўрганидек, рухсатлар билан амал қилишларини ҳам хуш кўради”, дедилар (Имом Аҳмад, Байҳақий ва Ибн Хузайма).
[1] Шариат истилоҳида рухсат деб бир ишни бандадаги узр сабабли оғирликдан енгилликка ўтказишга айтилади. Шариат истилоҳида азимат – бандага лозим қилинган амаллар: фарз ва вожиблардир.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм