Ибратли аёл бўлиш қийинми?
Ҳодияхон РАҲМОНОВА Наманган шаҳрида туғилган. Наманган давлат педагогика институтида таҳсил олган. Ўрта мактабда ўқитувчи, Наманган шаҳар ҳокимиятида хотин-қизлар масалалари бўйича бош мутахассис, мактаб директори лавозимларида ишлаган. 2019 йилдан бери Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.
– Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши ўз фарзандига одобдан кўра афзалроқ мерос қолдиролмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Фарзандларимиз ҳар томонлама комил тарбия олишида, имонэътиқодли бўлиб улғайишларида оналаримиз асосан нималарга эътибор беришлари керак?
– Яхши фазилатларни эгаллашда муҳит ва тарбия муҳим аҳамиятга эгадир. Бола тарбияси билан жуда эрта шуғулланишни бошлаш керак. Чунки ёшликда боланинг зеҳни ўткир бўлиб, билим-кўникмаларни тез қабул қилади. Ота-она болага меҳнатсеварлик, ўзаро аҳил бўлиш, меҳр-оқибат, сабр-тоқат, камтарлик, вафо-садоқат, поклик каби инсоний сифатларни ҳамда ширинсўз бўлиш, яхши ва ёмонни ажратиш каби оддий ахлоқ қоидаларини эгаллашида ёрдам бериши лозим.
Қуръони каримда илм сўзи 765 ўринда зикр қилинган. Илм ўрганиш ҳар бир инсон учун фарздир. Улуғларимиз доим илм-ҳунар ўрганишга чақиришган.
“Имкон борича болага яхши таълим-тарбия беришга интилиш лозим, токи у ижобий хусусиятларни ўзлаштирсин ва ярамас ҳаракатлардан ўзини муҳофаза қилсин” (Ҳусайн Воиз ал-Кошифийнинг “Ахлоқи муҳсиний” асаридан).
Муҳтарам Юртбошимиз 2020 йилга “Илммаърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном бердилар. Биз оналар – оилада таълим-тарбия масъулларимиз. Динимиз таълимотларига кўра ҳам илм-маърифатдан узоқ бўлиш, фарзандларни бу неъматдан бебаҳра қолдириш гуноҳдир.
Бизда жуда ёмон одат бор. Арзимаган ҳою ҳаваслар учун жуда кўп маблағларни сарфлаймиз, исроф қиламиз. Аммо фарзандларимизни илмли-ўқимишли қилишга етарли эътибор бермаймиз. Бундай иллатдан буткул халос бўлишимиз керак.
Фарзандларга фойдали илм, ҳалол касб-ҳунар эгаллашда яқиндан ёрдам бериш ота-онага вожиб амалдир. Диний билимлардан, энг аввало, ҳанафия-мотуридия ақидасининг асосий таълимотларини фарзандлар қалбига сингдириш лозим. Шунда улар бузғунчи оқимларнинг алдовларига учмайди, адашишдан сақланади.
– Баъзан кутилмаганда нохуш ҳолат ёки қийинчиликларга дуч келинади. Шундай ҳолатларда қандай йўл тутиш ҳақида педогогмутахассис ҳамда отинойи сифатида муҳтарама опасингилларимизга нималарни тавсия қиласиз?
– Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “….сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар” (Бақара сураси, 216-оят).
Аллоҳ таоло бандаларининг ҳолатларини яхши билади. Инсоннинг табиати қизиқ: машаққатни, қийинчиликни ёқтирмайди. Лекин Ислом одамларга ёқадиган нарсаларни эмас, балки уларга икки дунёда ҳам бахт-саодат келтирадиган амалларни таклиф қилади.
Албатта, баъзан кутилмаганда нохуш ҳолатларга йўлиқамиз. Аллоҳ таолонинг ҳикмати билан ёмон кўрганларимиз биз учун неъмат бўлиши ҳам мумкин.
Бугун қишлоқда ва шаҳарда яшайдиган аёллар меҳнатига бир эътибор беринг-а. Шаҳарда яшаш учун шароитлар етарли. Аммо қишлоқ аёлларининг рўзғор юмушлари, айниқса, қиш кунлари оғирлашади…
“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга осончилик бордир” (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар). Мана сизга Аллоҳ таолонинг ваъдаси.
Ҳаётимизда кўнгилсизлик ёки йўқотишлар бўлса, қайғурмайлик. Аксинча, шукр қилайлик, зотан, бундан баттари ҳам бўлиши мумкин эди-ку! Кўпинча одамлар камбағалликдан нолишади. Аслида динимиз тарихини, саодат асрини ўргансак, улуғларимизнинг камтарона ҳаёт кечирганини билиб оламиз.
Ким сабрли ва шукрли бўлса, албатта, Аллоҳ у билан биргадир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” (Иброҳим сураси, 7-оят).
– Фикрингизча, аёл қандай бўлса жамиятда иллатлар камаяди?
– Аллоҳ таоло аёлни нақадар гўзал қилиб яратди. Ўзини четга олгани сари диққат марказида бўлаверади, омонатдорлиги ортгани сайин унга ишонч ортиб бораверади. Солиҳа аёл ҳукмдор бошидаги тож кабидир.
Дунёнинг тақдири унинг зиммасига юклатилган, у тўғри турса, дунё тўғри туради, у бузилса, дунё ҳам бузилади. Аёлни зар десак, ҳаё-одоби билан қадри яна ҳам юксалади. Аёл шундай улуғланади. Аслида яхши, ибратли аёл ҳаётда:
– фарзларни адо этади;
– эрини рози қилади;
– оила сирларини ташқарига чиқармайди;
– эрининг рухсатисиз унинг молидан сарфламайди;
– фарзандларига меҳрибон бўлади, илммаърифатга интилади;
– эрини ишга чиройли кузатиб, очиқ юз билан кутиб олади.
Булар асло қийин ишлар эмас!
Лекин четдан кириб келаётган турли иллатларга бериладиган аёлларимиз ҳам йўқ эмас. Мен аёлларимизга ушбу машҳур ҳадисни қайта-қайта эслатгим келади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга: “Эй аёллар жамоаси, эҳсон қилинглар. Менга дўзах кўрсатилди. Дўзах аҳлининг кўпчилиги аёллар экан”, дедилар. Саҳобия аёллар: “Ё Расулуллоҳ, нега дўзахда аёллар кўп?” деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ: “Кўп лаънатлайсизлар, кўп қарғайсизлар ва эрингизга куфрони неъмат қиласизлар”, деб огоҳлантирдилар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳақиқатан, биз аёллар кўп лаънатлаймиз. Масалан, оёғимизни остонага уриб олиб, остонани ҳам қарғаймиз, “Ҳа, ўла….” деймиз. Қўлимизни пичоқда кесиб олсак, пичоқни ҳам қарғаймиз, энг ёмони, фарзандларимизни ҳам лаънатлаймиз. Шундай аёллар ҳам борки, фарзандларини ёмон сўзлар билан ҳақорат қилади. Фаришталарнинг ҳар бир сўзга “омин” дейишларини билмаймизми?
Аслида, биз аёллар елкамизда “она” деган улкан масъулият ётганини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Бизнинг ҳар қандай жиҳатимиз, фазилат ёки қусуримиз фарзандларимизга тақлидан таъсир қилиши табиийдир. Онанинг гўзал ахлоқи, маърифати нафақат оиласига, балки жамиятга-да фойдалидир.
Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи суҳбатлашди
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан