Миқдоднинг динорларидаги улкан барака
Зубоъа бинти Зубайр (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:
Зубоъа бинти Зубайр (розияллоҳу анҳо) Миқдоднинг никоҳида эди. У айтади: “Одамлар очликдан қазои ҳожатлари учун ҳар икки, уч кунда боришар ва туялар ҳожатидек ҳожат ушатишар эди. Кунларнинг бирида Миқдод ҳам ҳожат учун чиқди ва Бақиъдаги дарахтзорга бориб, бир хароба жойга ўтирди.
Шу вақтда юмронқозиқ инидан бир динор олиб чиқди. Динорлар ўн еттитага етгунича олиб чиқаверди. Миқдод у ердан чиқиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига бориб, воқеани айтди. Шунда, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен қўлингни унинг инига узатдингми?” дедилар. Миқдод: “Сизни ҳақ пайғамбар қилиб юборган зотга қасам, узатмадим”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга садақа лозим бўлмайди, динорларингга Аллоҳ барака берсин”, дедилар.
Зубоъа бинти Зубайр (розияллоҳу анҳо): “Динорларнинг ҳеч охири кўринмади”, деди[1].
[1] Абу Нуъайм. “ад-Далоил”. – Б. 396.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган