Гуноҳга беписандлик кулфат келтирар
Ўзбек муштарийларига “Маҳзун бўлма!” асари билан яхши таниш бўлган шайх Оиз ибн Абдуллоҳ Қарнийнинг “Энг бахтли аёл” китобини Заҳириддин Мансур ўзбекчалаштирди. Бу китобда аёлларнинг чинакам бахтли ва саодатли ҳаёт кечириши учун зарур маслаҳатлар, тавсия ва насиҳатлар бор. “Бахтли аёл” рукнида мазкур китобдан парчалар бериб боришни лозим топдик.
Эзгу амалларда бардавом бўл, дангаса, бекорчи бўлма. Уйингни, хонангни тартибга келтир, вазифангни бажар, намоз ўқи, Қуръон тиловат қил, фойдали китобларни мутолаа қил. Дўстларинг, қўшниларинг билан муроса қил, улар билан ҳамжиҳатликда хайрли амалларнинг бошини тут. Шундагина сен Аллоҳнинг изни билан саодатли бўласан.
Бекорчиликдан сақлан. Чунки бекорчилик ортидан ғам-андуҳ, васваса, кўнгилхиралик пайдо бўлади.
Эрингга, фарзандларингга, қариндошларинг, яқинларинг, дугоналарингга чиройли хулқ билан муомала қил, табассумингни ва ширин сўзингни дариғ тутма!
Гуноҳлардан эҳтиёт бўл. Чунки маъсиятлар қайғу ва кулфат келтиради. Хусусан, аёллар ўртасида кўп учрайдиган ғийбат, фитна, фасод, чақимчилик – жуда хавфли иллат. Бу иллатлар, айни пайтда, динимизда гуноҳи кабира саналади. Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқ. Зеро, У Зотдан қўрқиш саодатли яшаш ва қалб хотиржамлиги асосидир.
Ҳаётга теран нигоҳ билан назар солсанг, анча йиллардан бери дард чекиб, қийналиб ётган беморларни ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ақлдан озган, тўғри йўлдан адашган кимсаларни кўрасан. Ахир, харобаларда, кулбаларда бир бурда нон топа олмай қийналаётган аёллар қанча?! Кўр, кар, қўл-оёғи йўқ, мажнун, тузалмас дардларга чалинган хотин-қизлар ҳам бор. Шукрки, сен саломатсан, хотиржамсан. Бунинг учун чексиз ҳамд айт, шукр қил.
Ойнаи жаҳон қаршисида умрингни ўтказма, мобил телефоннинг асирига айланма. Аллоҳ рози бўладиган амалларни бажар. Шундай яшаки, сендан турмуш ўртоғинг, фарзандларинг, қайнона-қайнотанг, яқинларинг рози бўлсин! Зеро, ояти каримада: «Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз», дейилган (Наҳл сураси, 97-оят).
Заҳириддин МАНСУР тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан