Президент: «Карантиндаги аҳолининг 83 фоизи ўз уйига қайтди»
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни видеоселектор йиғилишида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида амалга оширилаётган ишларга яна бир бор алоҳида тўхталиб ўтди:
“Бутун инсоният коронавирус билан бирга, иқтисодий инқирозга ҳам қарши курашаётганини ҳаммамиз кўриб, кузатиб турибмиз.
Жаҳонда мураккаб вазиятдан чиқиш учун карантин чораларини аста-секин юмшатаётган давлатлар сони кўпайиб бормоқда.
Яратганга шукур, бугун Ўзбекистонда эпидемиологик вазият тобора барқарорлашиб боряпти. Бугунги кунда коронавирус юқтирган 2 минг 204 нафар бемордан 1 минг 454 нафари ёки 66 фоизи тўла соғайди.
Карантиндаги аҳолининг 83 фоизи ўз уйига қайтди. Яъни, ижобий динамика кучайиб бормоқда. Шифохоналарда қолаётган 740 нафар беморни даволаш, саломатлигини тиклаб, оиласи бағрига қайтариш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Бу ишлар осонликча бўлаётгани йўқ. Ҳозирга қадар бунга Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2 триллион 250 миллиард сўм сарфладик ва 500 миллион доллар халқаро молия институтларидан жалб қилдик, деди Президент.