Исломга интилган аёл. МУСЛИМА БЎЛГАН РОҲИБА
Исломга киришидан олдин роҳиба бўлган Ирена Хандоно Аллоҳ таоло қалбини қандай очганини “Youtube”да эълон қилинган видеороликда қуйидагича сўзлаб берди: «Олти ёшимда мени черков мактабига беришди. Ўспиринлигимда Бокира Мария черков ташкилотига аъзо бўлдим. Орадан бир йил ўтиб Индонезиядаги йирик насронийлик ҳаракатининг пешвосига айландим. Кейин эса роҳибалик учун сочларимни тақир қилиб олдирдим. Шу дақиқадан Аллоҳ таоло мени тўғри йўлга сола бошлади. Мен насроний руҳонийлар тайёрлайдиган илоҳиётшунослик ва фалсафа университетига ўқишга кирдим. Ўша ерда бизга динларни қиёсий ўрганишда Ислом ҳақида сўзлаб беришарди, аммо уни ҳақ дин сифатида эмас, ёмон дин сифатида қиёслашарди. Улар айтишардики: “Агар Ислом ҳақида билмоқчи бўлсангиз, узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Индонезиядаги мусулмонларнинг аҳволига қаранг, шунинг ўзи кифоя. Индонезияда камбағаллар ким? Мусулмонлар. Индонезияда аҳмоқлар ким? Мусулмонлар. Ана шуларни кўрибоқ Исломнинг яхши дин эмаслигини билиб олишингиз мумкин”.
Бироқ Аллоҳ таоло менга илҳом бериб, уларнинг хулосалари хато эканини англатиб турарди. Ана ўша давлатларнинг аҳолиси янада қашшоқ, саводсиз, гуноҳ ва зўравонликлар ботиб кетган. Масалан, Мексика, Шимолий Ирландия ва бошқа кўплаб давлатларда протестантлар ва католиклар ўртасидаги можароларнинг адоғи кўринмайди. Шулар ҳақида ўйлаганимдан сўнг бизга дарс берадиган пасторнинг олдига бордим-да улар тавсия этаётган фактлар Исломни ёмон деб аташга асос бўла олмаётганини айтдим. Мен Исломни ёзма манбалардан ўрганишга қарор қилдим. Пастор менга ушбу диннинг заиф томонларини топишимни шарт қилиб рухсат берди. Мен Қуръони каримдан Аллоҳ – ягона экани ҳақидаги оятни ўқидим. Ана шунинг ўзиёқ бизга черковда ўқитадиган учликка зид келарди. Мен қалбан Аллоҳнинг ёлғиз эканини ва ана шу ҳақиқатлигини ҳис қилардим. Менинг учликнинг маъносини ҳазм қила олмаётганим эса пасторни ажаблантирарди.
Тунда яна Қуръонни ўқишга ўтирдим. Мен пастор билан Аллоҳнинг ягона экани ҳақида яна суҳбатлашгим келди. Мен ундан: “Мана шу столни ким ясаган?” деб сўрадим. У жавоб бермади. Мен гапимда давом этиб: “Дурадгор. Агар бу стол ясалмаганида, стол дурадгор бўла олмас эди”, дедим. Чунки бирорта стол дурадгорга айланиб қола олмайди. У мендан нимани назарда тутаётганимни сўради. Мен унга Аллоҳ коинотни, ундаги мавжудотларни, шу жумладан, одамни ҳам яратганини, бирорта инсон Аллоҳ бўла олмаслигини ва Унга тенг бўла олмаслигини тушунтирдим. Кейин эса унга Исони (алайҳиссалом) биринчи марта 325 йилда Нико кенгаши руҳонийлари Исо (алайҳиссалом) ва Аллоҳ (субҳанаҳу ва таоло) ўртасидаги муносабатни ўғил ва ота муносабати деб белгилаб, учлик тамойилини эълон қилганини эслатдим. Уларнинг мухолифи архиепископ Арий эса Исо (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло яратган бандаси деган фикрида собит турганини эслатдим. Шунингдек яна, Библияда учлик ҳақида ҳеч қанақа гап йўқлигини ҳам айтдим. Ушбу суҳбатимиз мен учун кескин ўзгариш даври бўлди. Шундан сўнг Аллоҳнинг учлиги ҳақидаги назария одамлар ўйлаб топган ёлғон таълимот деган қатъий фикрга келдим ва Ислом динига эътиқод қила бошладим”.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.
Magas.ru