Юк елкада, залвори қалбимизда санчиқ беради
Ота-онам Чимкентга кўчиб кетгач, соғинганимда фарзандларим билан қўшни республикага бориб тураман. Болалар учун божхона постидан ўтиш жараёни – қизиқ. Шундай дейману, ўзим ҳам бепарво ўтолмайман: турли мақсаддаги, ҳар хил қиёфадаги одамларни, қизиқарли ҳолатларни кузатаман. Ўтиб-қайтаётганларнинг деярли саксон фоизи тижорат мақсадида юрибди.
Икки аёлнинг ўтиш жойидаги суҳбати мени мушоҳадага ундади. Билишимча, улар ҳам оиласи учун арзонроқ техника жиҳозлари олиб қайтаётган экан. Хавотир ва ҳадикда туришгани шундоқ юзларидан аён эди. “Қаранг, – деб сўз бошлади бири иккинчисига, – юки енгиллар хотиржам, ҳеч нарсани ўйламай навбат кутишяпти. Бизга ўхшаганлар эса қўрқувда. Бу ерда шунчалик ташвишга тушяпмизу, энди Аллоҳнинг ҳузурида туришни тасаввур қилаверинг. Маҳшар майдонида ҳам савобли ишларни кўп қилганларга осон бўлади. Ўз юкимизни ўзимиз оғирлаштирмаяпмизми?..”
Ўйланиб қолдим. Постдан қандай ўтганимни ҳам сезмабман. Аёлнинг гаплари анча вақтгача хаёлимдан кетмади. Чунки кўпдан бери жисмимда бўлмаса ҳам, руҳимда оғирлик, тушкунлик сезардим. Турмушнинг туганмас ташвишлари елкани эзади-ю, залвори руҳга тушишини англадим. Уйимизни, хоналаримизни тўлдириб, ҳаммаёқни торайтирадиган жиҳозлардан фарқли ўлароқ, биздан ҳеч қандай харажат талаб қилмайдиган ибодат, зикр, дуо, эзгу амаллар қанча кўп қилинса, оғирлиги асло сезилмайди. На зоҳиримиз ва на ботинимизга юк бўлади. Аксинча, латиф хилқат бўлмиш руҳ улардан озиқланади, тетик, бардам бўламиз. Руҳ бақувват бўлгач эса, заиф жисмга ибодатлар малол келмайди.
Демак, қалбимизга оғир келаётган юклар маҳшарда аҳволимизни ёмонлаштиради. “Дунё, дунё”, деяверадиган, ҳеч тўймайдиган нафсга танбеҳ бериб, қалб тарбияси билан шуғулланганнинг икки дунёда машаққати кам бўлади.
Нилуфар АБЛАЕВА
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан