“Бир кун хам оширмадим…”
Хансо бинти Хизом Ансория розияллоҳу анҳо Ҳижоздаги Укоз бозорига шеърлари илинадиган машҳур араб шоирининг набираси эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида эшитар-эшитмас бола-чақасини олиб Мадинага келган, бутун оиласи билан Исломни қабул қилганди. Қачон у ҳақда гапирилса, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ҳаммага ўрнак бўладиган муслима”, дер эдилар.
Жоҳилият даврида бўлиб ўтган қабила жангларидан бирида укасидан айрилгач, Хансо умрининг охиригача унинг учун кўз ёш тўкишга онт ичган эди.
Шаҳодат калимасини айтиб, муслима бўлганидан кейин ҳам қасамига содиқ қолди. Мусулмонлар унга бир неча бор: “Бу ишинг хато, динимиз бундан қайтаради”, дейишди.
Бир муддат ўтиб, Хансо розияллоҳу анҳо Каъба яқинида ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу билан юзма-юз келди. Шунда халифа сўради:
– Эй Хансо, сени нима бунчалар қайғуга соляпти?
– Қайғумнинг боиси, укамни ўлдирган Мурдор қабиласининг улуғлари.
– Ахир, улар жоҳилият даврида ўлиб кетишди-ку!
– Ҳа, шундай. Авваллари улардан интиқом олиш учун йиғлардим, энди эса жаҳаннамга тушганларини ўйлаб қайғуряпман.
– Уканг учун ёзган шеърингни ўқиб бер!
– Янгисиними, эскисиними?
– Янгиси ҳам борми? Унда янгисини ўқи!
Хансо шеърини ўқиди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу унсиз йиғлади. Ямома жангида шаҳид бўлган укаси Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ёдига тушган эди. Кейин эса ёнидаги мусулмонларга:
– Хансога индаманглар. У укасини эслаяпти. Ҳамма ҳам яхши кўрган инсонини йўқотганида кўзёш тўкади, – деди.
Шу воқеадан кейин Хансо розияллоҳу анҳо ҳазрат Умар ҳақида:
– Уни қўпол ва бераҳм инсон деб ўйлардим. Аммо ҳаётимда Умардан кўра меҳрибонроқ, шафқатлироқ инсонни кўрмадим! –
деди.
Кейинроқ Ойша розияллоҳу анҳони зиёрат қилди. Мўминлар онаси унга бундай деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқотдим. У зот алайҳиссалом инсонларнинг энг яхшиси эдилар. Аммо азани динимиз рухсат берган муддатдан бир кун ҳам оширмадим». Хансо розияллоҳу анҳо ўша куниёқ аза тутишни тўхтатди.
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан