Мақолалар

Сафарнинг фазилати ва одоблари

Чоп этилди May 7, 2020 Сафарнинг фазилати ва одоблариda fikr bildirishni o'chirish

Мақсад қилинган сафарнинг хайрли ва фазилатли бўлмо­ғи, энг аввало, сафар қилувчининг нима мақсадда йўлга от­ланганига боғлиқ бўлади. Агар сафар хайрли ният билан бўл­са, мусофирнинг улкан ҳикмату фазилатга ноил бўлиши бор. Агар мақсади қабиҳ бўлса, у ҳолда оқибати ёмон бўлиши қуйи­даги ҳадиси муборакда баён қилинмоқда:

عن أبى هريرة أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: “ما من خارج يخرج من بيته إلا ببابه رايتان، راية بيد ملك، و راية بيد شيطان، فإن خرج لما يحب الله عز وجل اتبعه الملك برايته، فلم يزل تحت راية الملك حتي يرجع إلى بيته. و إن خرج لما يسخط الله اتبعه الشيطان برايته، فلم يزل تحت راية الشيطان حتي يرجع إلى بيته” (رواه أحمد و البيهقي والطبراني)

Ҳазрат Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан:

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уйидан чиқувчи кишининг эшиги олдида иккита байроқ бўлур: бир байроқ фаришта қўлида ва яна бири шайтон қўлида. Агар Аллоҳ таоло рози бўлган ва яхши кўрадиган нарса[1] учун чиқса, фаришта байроғи билан унга эргашади. Ҳатто уйига қайтгунча фариштанинг байроғи остида бўлади. Агар Аллоҳ ғазабланадиган бирон иш ё нарса[2] учун чиқса, шайтон байроғи билан унга эргашади. Ҳатто уйига қайтгунча шайтоннинг байроғи остида бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад, Байҳақий ва Табароний ривоятлари).

Имом Нававий «Азкор» китобида сафарга чи­қишдан олдин мусофирдан талаб қилинадиган одобларни зикр қилиб қуйи­дагиларни келтирган:

– васият қилишга эҳтиёж сезган нарсаси хусусида васият этмоғи;

– ушбу васиятига гувоҳларни жалб қилмоғи;

– ўзи билан бошқа киши орасида бўлган муаммосини ҳал этиб кетмоғи;

– ота-онаси, устозлари ва ўзига яхшилик қилганларни рози қилмоғи;

– сафарида ёрдамни фақат Аллоҳдан талаб этмоғи.

Бундан ташқари, сафари давомида муҳтож бўладиган нарсаларни ҳам ўрганишга ҳаракат қилмоғи лозим бўлади.

Агар сафар қилувчи киши савдогар бўлса, олди-сотди ишларида керакли нарсаларни билмоғи ва у савдода нима қилса – дуруст ва нима қилса – ботил, нима ҳалолу нима ҳаром, нима мустаҳабу нима макруҳ, нима мубоҳ ва қайси нарса бошқасидан афзаллигини яхши билмоғи зарур.

Агар мусофир одам ов қилмоқни хоҳласа, овчи муҳтож бўладиган хусуслардан таълим олиб, ҳайвонларнинг ва овнинг қайси бири ҳалол ва қай бири ҳаромлиги ҳамда унинг пок бўлишига нима шарт қилингани ёки ит, найза билан ўлдирилганнинг ҳукми каби хусусларни ҳам ўрганмоғи керак.

Агар сафар қилувчи киши чўпон бўлса, юқорида айтилга­ни­дек, шу соҳада муҳтож бўлинадиган хусусларни билмоғи, ҳайвонларга мулойим бўлмоғи ва чорвани муҳофаза қил­моғи, агар тасодифий ҳолда бирор ҳайвонни сўйиш лозим бўлиб қолса, эгасидан рухсат олган бўлиши даркор.

Агар сафар қиладиган киши бир мамлакатдан бошқа бир мамлакатга элчи сифатида борадиган бўлса, катта мансаб­дорлар билан суҳбат одобларини ва улар орасидаги музока­ра­ларга жавоб қайтариш йўлларини, зиёфат ва ҳадяларнинг қайси бири жоизу қайси бири ножоизлигини билмоғи ва алдов, ҳийла, нифоқ каби ёмон иллатлардан четланмоғи, хиё­натга сабаб бўладиган жиҳатлардан узоқ бўлмоғи лозим.

Агар сафар қилувчи киши икки киши орасидаги тижорат­да ишчи ёки вакил бўлса, у ҳам ўзига керакли нарсаларни, яъни нимани сотиш ва нимани харид қилиш жоиз ёки жоиз эмас, нимани тасарруф қилиш жоиз ёки жоиз эмас, гувоҳ­ликда шарт қилинган ва вожиб бўлган нарсалар ёки гувоҳликда шарт қилинмаган ва вожиб бўлмаган нарсалар, сафардаги жоиз ёки жоиз бўлмаган нар­саларни билмоғи керак. Бундан ташқари сафар қилувчи киши денгиз орқали сафар қилишни хоҳласа, денгизда кетаётганида нималарни қилмоғи мумкин, нима­лар­ни қилмоғи мумкин эмас – шу каби масалалардан ҳам ба­таф­сил хабардор бўлмоғи керак.

Қуйидаги ҳадиси шариф орқали ҳазрат Пайғамбаримиз (алай­ҳиссалом)нинг асосан қайси кунларда сафарга чиқ­қан­ларини билиб оламиз:

Ҳазрат Каъб ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафар қилмоқчи бўлсалар, доим пайшанба куни сафар қилар эдилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Ҳазрат Каъб ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтадики: “Ра­сулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар сафар қил­моқ­чи бўлса­лар, пайшанба кунидан бошқа куни кам сафар қилар эдилар” (Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва Абу Довуд ривояти).

Биринчи ривоят орқали маълум бўладики, аксарият ҳол­ларда Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайшанба кунида сафар қилганлар. Албатта, пайшанба ку­ни муборак кун, у кунда бандаларнинг амаллари Аллоҳ таоло ҳузурига кўтарилади. Сафарга чиқувчи киши ушбу кунда са­фари олдидан ота-онаси, устозлари ёки ён-атрофидаги аҳли илмларнинг дуоларини ва панду ўгитларини олиб чиқмоғи ло­зим.

Ҳазрат Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди:

Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузур­ла­рига келди ва сафарга чиқиш ниятида эканини айтди: “Эй Аллоҳ­нинг Расули, мен сафар қилишни хоҳлайман, менга тав­сия­лар беринг”. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ун­га: “Аллоҳдан тақво қилишингни ва ҳар бир ба­ландликка кўтари­лиш­да такбир айтмоғингни тавсия қиламан”, дедилар. Ҳалиги киши туриб кетганидан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

اللهُمَّ اطْوِ لَهُ البَعِيدَ، وَهَوِّنْ عَلَيْهِ السَفَرَ

“Аллоҳ, унинг узоғини яқин қил ва сафарини унга енгил қилгин”, деб дуо қилдилар (Имом Термизий ва Ибн Можа ри­вояти).

Ҳазрат Солим (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Ҳазрат Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) бирор киши сафарга чи­қишни хоҳласа, унга: “Менга яқин кел, худди Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) хайрлашганларидек, сен билан хайр­лашаман”, дегач:

“اَسْتَوْدِعُ الله دِينَكَ وَاَمَانَتَكَ وَ خَواتِيمَ عَمَلِكَ”

“Дининг, омонатинг ва амалинг хотимасини Аллоҳга топширдим”, дер эди (Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Насоий).

Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, мен сафар қилишни хоҳлайман, сафарда менга кифоя қиладиган нарса билан таъминланг”, деган эди, Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло сени тақво билан таъминласин”, дедилар.

Ҳалиги киши: “Яна зиёда қилинг”, деганида, Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гуноҳингни кечирсин”, де­дилар.

Ҳалиги киши: “Яна зиёда қилинг”, деганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қаерда бўлсанг ҳам, сенга яхшиликларни муяссар айласин”, дедилар (Имом Термизий).

Сафарга чиқувчи ортида қолаётган оила аъзолари, яқин­лари ва танишлари билан хайрлашмоғи мустаҳабдир.

Ҳазрат Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кимки сафарга чиқишни хоҳласа, орқасида қолган кишиларга:

“استودعكم الله الذي لا تضيع ودائعه”

“Сизларни омонатни зое қилмайдиган Аллоҳга топширдим”, десин!»  дедилар (Ибн Сунний ривояти).

Сафар қилишни хоҳлаган киши уйдан чиқишидан олдин икки ракат намоз ўқимоғи мустаҳаб. Ҳар икки ракатда ҳам сураи Фотиҳадан сўнг Қуръони каримдан хоҳлаганча ўзи бил­ган (ёд олган суралардан) ўқийди. Бу амални ҳам бизлар­га жа­ноб Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги ҳадиси шарифлари билан таълим берганлар:

عن مطعم بن المقدام أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: “ما خلف أحد عند أهله أفضل من ركعتين يركعهما عندهم حين يريد سفراً”

Ҳазрат Мутъим ибн Миқдом (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Киши са­фарга чиқ­ишни хоҳлаганида, ўз аҳлига икки ракат намоздан кўра аф­залроқ бошқа нарсани қолдира олмайди”, дедилар» (Та­баро­ний).

عن ابن مسعود: جاء رجل إلى النبي صلى الله عليه وسلم فقال: يا رسول الله… إني أريد الخروج إلى البحرين في تجارة.فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم: “صل ركعتين” ( أخرجه الطبراني)

Ҳазрат Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан:

Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳу­зурла­рига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Мен тижорат мақсадида Баҳ­райнга йўл олмоқчиман”, деди. Жаноб Расулуллоҳ (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам): “(Йўлга чиқишингдан олдин) икки ракат намоз ўқигин!” дедилар (Табароний ривояти).

Сафарга чиқишни хоҳлаган киши сафар машаққатларига ёр­дам берадиган, сафарда ҳамроҳ бўладиган муносиб бир дўст тан­ла­б, у билан биргаликда сафар қилса яхши.

Ҳазрат Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан: “Набий (соллал­ло­ҳу алайҳи ва саллам) ёлғизликдан, бир уй­да ёлғиз ухлашдан ёки танҳо сафар қилишдан қайтарди­лар” (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳазрат Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан:

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар инсонлар ёл­ғиз­ликда нима борлигини мен билганимдек билганларида эди, уловли киши ҳеч ҳам ёлғиз бир ўзи кечаси сайр қилмасди”, дедилар (Имом Аҳмад, Бухорий, Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти).

Ҳазрат Амр ибн Шуайб отасидан, у киши бобоси Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилди: Набий (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рокиб[3] (ёлғиз отга миниб сафар қилувчи) бир шайтондир, икки рокиб (икки киши отга миниб сафар қилиши) икки шайтондир, учтаси бир тўда отлиқдир[4]”,  дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий).

Ёлғиз сафар қилишдан қайтаришнинг ҳикмати ҳақида Маҳмуд Хаттоб ас-Субкий (раҳматуллоҳу алайҳ) айтадилар: “Ёлғиз киши сафарда вафот этгудек бўлса, уни дафн қиладиган киши топилмайди, шунингдек, икки киши бўлса-ю, икковидан бири вафот этса, иккинчисига ёрдам берадиган бошқаси бўлмай қолиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо уч киши сафарга чиқса, бу масалада муаммо бўлмаслиги учундир. Аксарият ҳолларда уларга хавф-хатар бўлмас”.

Шунингдек, Имом Табарий айтади: “Бу қайтариқ ки­ши­га адаб қайтариғидир. Саҳрода танҳо сафар қилувчи ва уйда ёл­ғиз ётувчи қўрқинчдан омонда бўлмайди, хусусан, қалби заиф ва қатъиятсиз бўлса”.

Сафар қилишни хоҳлаган киши насиҳат, шафқат ва ях­ши­лик­ни биладиган киши билан маслаҳатлашмоғи мустаҳаб.

Аллоҳ таоло айтди:

ﭭ ﭮ ﭯﭼ

«…улар билан кенгашиб иш қилинг!..» (Оли Имрон,159).

Сафарни ният қилган киши Аллоҳ таолодан яхшилик ти­лаб, икки ракат нафл намоз ўқийди ва сўнг ушбу истихора дуо­си­ни ўқийди: “Ё Аллоҳ, Сендан яхшилик ва қудрат сўрайман. Сенинг улуғ фазлингни тиларман, чунки Сен ҳар нарсага қодирсан, менинг эса ҳеч бир нарсага кучим етмас. Сен ҳар нарсани билурсан, мен эса ҳеч нарсани билмасман. Сен ҳар қандай ғайб нарса­ларни билурсан. Аллоҳим, ушбу мен ният қилган ишни ди­ним, дунём ва охиратим учун яхши деб билсанг, ул ишни мен­га яқин қил, мени унга қодир қил ва менга енгил қил, сўнгра ун­дан менга барака бергин.

Ё Аллоҳ, агар мен ният қилган ушбу ишни диним, дунём ва охиратим учун ёмон деб билсанг, уни мендан ва мени ушбу ишдан қайтаргин ва узоқ қилгин, мени ундан яхшисига қодир қил ва мендан рози бўлгин”.

Сўнг ўз эҳтиёжини айтади. Яъни, эҳтиёжини “Аллоҳ, ушбу мен қасд қилган ишим…” деган ўринда айтади (Имом Бухорий ри­вояти).

Юқоридаги ҳадисда жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар биронтангиз бир иш қилмоқчи бўлса, икки ракат фарз бўлмаган намозни (яъни, нафл) ўқисин, сўнгра мана бундай десин…”, деганлар.

Муқим киши мусофирдан яхши маконларда ўзининг ҳақи­га дуо қилишини сўраши мустаҳабдир. Гарчи муқим ки­ши мусофирдан афзал бўлса ҳам.

Ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қи­линди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан умра қи­лишга рухсат сўрадим. Ул зот изн бериб: “Эй биродар, дуо­инг­да бизни унутмагин”, дедилар».

Бошқа бир ривоятда эса: “Эй биродар, дуоингда бизни ҳам шерик қилгин”, дейилган.

“Ана шунда менга мана шундай сўз айтдиларки, у сўзни дунё­га алиштириш мени хурсанд қилмас эди” (Абу Довуд ва Имом Термизий).

Сафарда дуо қилиш мустаҳаб. Чунки мусофирнинг дуоси қа­бул бў­лади. Бу ҳақда ушбу ҳадиси шариф орқали билиб оламиз:

عن أبى هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: “ثلاث دعوات مستجابات لا شك فيهن: دعوة المظلوم، ودعوة المسافر، ودعوة الوالد على ولده”

Ҳазрат Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч тоифа кишиларнинг дуо­си, шак-шубҳасиз, Аллоҳ таоло ҳузурида мақбулдир: мазлум кимсанинг дуоси, мусофир кишининг дуоси ва ота-онанинг дуо­­си”, дедилар» (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

عن أنس رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: “ثلاث دعوات لا ترد: دعوة الوالد لولده، و دعوة الصائم، و دعوة المسافر”

Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу)дан: «Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Учта дуо қайтарилмас: ота-онанинг дуоси, рўзадорнинг дуоси ва мусофир кишининг дуоси”, дедилар».

عن أبى هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: “ثلاث دعوات مستجابات: دعوة الصائم، و دعوة المظلوم، و دعوة المسافر”

Ҳазрат Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: «Жаноб Ра­су­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч тоифа кишининг дуоси Аллоҳ таоло қошида мақбулдир: рўзадорнинг дуо­си, мазлум кишининг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, дедилар».

 

Сафар дуолари

Сафарга чиқувчи ўзга юртда турганда, уйдан чиқаётганда, уловга минганида, сувда ёки қуруқликда бўлишидан қатъи назар, сафарга тааллуқли дуолар қилмоғи лозим бўлади. Мусофир Яратган Зотдан розилик тиламоғи ва сафари давомида турли бало-офатлардан паноҳида сақлашини сўрамоғи муҳим. Буни навбатдаги муборак ҳадиси шариф орқали билиб оламиз:

Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди:

«Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафарни хоҳлаб, ўринларидан турадиган бўлсалар:

اَللَّهُمَّ إلَيْكَ تَوَجَّهْتُ، وَبِكَ اعْتَصَمْتُ، اَللَّهُمَّ اكْفِنِي مَا أَهمني وَما لا أَهْتَمُّ لَهُ، اَللَّهُمَّ زَوِّدْنِي االتَّقْوَي، وَ اغْفِرلي ذَنْبِي، وَ وَجِّهْنِي لِلْخَيْرِ أَيْنَمَا تَوَجَّهْتُ.

“Аллоҳ, Сенга юзланиб, Сенга илтижо қиламан. Аллоҳим, мени ташвишга солган ва аҳамият бермаган нарсамдан Ўзинг кифоя қилгин. Аллоҳим, тақвоимни зиёда айла, гуноҳларим­ни кечир. Қаерга юзлансам, мени яхшиликка йўллагин”, деб айтар эдилар, сўнгра йўлга чиқардилар» (Ибн Жарир).

Али ибн Рабиъадан ривоят қилинади: «Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) отини мингани келиб, оёқларини уловга қўйганида: “Бисмиллаҳ”, дедилар. Қачонки, унинг устига ўрнашганларида:

الحمد لله الَّذِي سَخَّرَ لَنَا هَذَا وَمَا كُنَّا لَهُ مُقْرِنِينَ وَإِنَّا إِلَى رَبِّنَا لَمُنْقَلِبُونَ

“Бизга бу уловларни бўйсундириб қўйган Зотга ҳамд бўлсин. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Барчамиз Парвардигоримизга қайтувчидирмиз”. Сўнгра уч марта “Алҳамдулиллоҳ” ва уч марта “Аллоҳу акбар”, сўнгра:

سُبْحَانَكَ إِنِّي ظَلَمْتُ نَفْسِي فَاغْفِرْلِي إِنَّهُ لا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلاَّ أَنْتَ

дегач, кулиб қўйдилар. “Эй мўминларнинг амири, нимадан куляпсиз?” дейилганда, у айтди: “Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам худди шу амални қилиб кулганларида, “Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, нимадан кулдингиз?” деганимда, ул зот: “Албатта, Раббинг бирор банда: “Гуноҳимни кечир”, деб айтса, У: “Мендан бошқаси кечира олмаслигини билади, деб ажабланади”, дедилар» (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий).

Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафарга чиқадиган бўлиб, уловларига ўрнашиб олганларидан кейин уч марта такбир айтар, сўнгра: “Бизларга бу (кема ёки от-улов)ни бўйсундириб қўйган Зот субҳон (барча айб ва нуқсон сифатлардан холи)дир. Биз ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз, бизлар (барчамиз) Парвардигоримиз ҳузурига қайтгувчидирмиз. Аллоҳим, Сендан бу сафаримизда яхшилик ва тақвони ҳамда Ўзинг рози бўладиган амални сўрай­миз. Аллоҳим, бу сафаримизни бизга енгил қилиб, узоқлиги­ни яқин айла. Ё Аллоҳ, сафардаги йўлдош(имиз) ҳам, хона­дон­да қолувчи ўринбосар(имиз) ҳам Ўзингдирсан.

Ё Аллоҳ, мен Сендан сафар машаққатларидан, маҳзун­лик манзарасидан ва молу мулкка, оилага етадиган зиён-заҳ­мат­лар­дан паноҳ беришингни сўрайман”, дер эдилар.

Агар сафардан қайтсалар, юқоридаги дуони айтиб, қуйи­дагиларни қўшимча қилардилар: “(Биз) қайтувчи, тавба қилувчи, ибодат қилувчи ва Раббимизга ҳамд айтувчилармиз”» (Имом Муслим).

Ҳазрат Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафарга чиқмоқчи бўлсалар:

اللهم انت الصاحب في السفر والخليفة في الأهل، اللهم إني أعوذ بك من وعثاء السفر و كآبة المنقلب، ومن الحور بعد الكون،ومن دعوة المظلوم، ومن سوء المنظر في الأهل والمال.

“Ё Аллоҳ, Сен сафардаги йўлдош ва хонадонда қолувчи ўринбосардирсан. Аллоҳ, мен Сендан сафар машаққати­дан, менга хафалик (ғам-ғусса) етишидан, истиқомат ёки зиёда­ликдан сўнг ноқисликка қайтишдан, мазлумнинг бад дуоси­дан ва молу мулк, оиламга ёмонлик келишидан паноҳ тилайман”, дер эдилар» (Имом Термизий, Имом Насоий, Ибн Можа ри­вояти).

“آيبون تائبون عابدون لربنا حامدون”

“(Биз) қайтувчи, тавба қилувчи, ибодат қилувчи ва Раббимизга ҳамд айтувчилармиз”, дер эдилар.

Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафардан қайтгач, аҳллари ҳузурига кирсалар:

تَوباً تَوباً لِرَبِّنَا أَوْباً لاَ يُغَادِرُ حَوباً

“Қайтганимизда Раббимизга тавба-тавба, деб айтурмиз. Номаи аъмолимизда (бирор) гуноҳ қолдирмаслигини сў­раймиз”, дердилар (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Саржис (розияллоҳу анҳу)дан:

Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафарга чиқсалар:

“Аллоҳ, Сен сафардаги йўлдош ва хонадонда қолувчи ўринбосардирсан. Аллоҳ, Сендан сафар машаққатидан, менга хафалик етишидан, истиқомат ёки зиёдаликдан сўнг ноқисликка қайтишдан, мазлумнинг бад дуосидан ва молу мулк, оиламга ёмонлик келишидан паноҳ тилайман”, дер эдилар.

Агар сафардан қайтсалар ҳам юқоридаги дуога илова этиб фақат бу дуони ўқирдилар:

سوء المنظر في الأهل والمال

“Оила, молу мулкдаги ёмонликдан” деб аввал оиладан бошлардилар (Имом Аҳмад, Имом Муслим, Имом Термизий ривоятлари).

Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар сафар қилсалар, ана шу куни кечаси: “Эй Ер! Менинг ва сенинг раббимиз Аллоҳдир. Аллоҳнинг номи билан сенинг ёмонлигингдан, сендаги ёмонликдан, сенда халқ қилинган ёмонликдан, сенда судралиб юрадиганларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Ва яна шердан, ёмон шахслардан, илондан, чаёндан, ерда яшовчи жинлардан, иблис ҳамда шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилайман”, дер эдилар» (Имом Абу Довуд, Имом Термизий).

Абу Малеҳнинг отаси Усома айтади:

«Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга бир уловда кетаётган эдик, кутилмаганда улов қоқилиб кетди. Шунда мен: “Ҳа, бадбахт шайтон”, дедим.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бадбахт шайтон” демагин, агар сен “бадбахт шайтон” десанг, шайтон ўзини катта тутиб: “Кучим билан уни гангитдим”, дейди. Агар сен “Бис­миллаҳ” десанг, у кичик бўлиб кетади, ҳатто пашшадан ҳам кичик бўлади”, дедилар» (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Табароний ривояти).

Ҳазрат Ҳавла бинти Ҳаким (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кимки бир манзилга тушганида: “Аллоҳнинг ҳамма калималари билан У яратган нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман”, деб айтса, токи бошқа манзилга кўчгунича бирор нарса унга зарар етказа олмайди», деб айтдилар (Имом Муслим, Имом Молик ва Имом Термизий).

Ҳазрат Жобир ибн Абдуллоҳ айтади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга сафарга чиққанимизда, баландликка кўтарилсак, такбир айтар эдик, баландликдан тушганимизда эса, тасбеҳ айтар эдик” (Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва Насоий ривоятлари).

Ҳазрат Абу Бурда (розияллоҳу анҳу)дан: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар сафарда бомдод намозини ўқисалар, саҳобалар эшитадиган даражада бундай дер эдилар:

“اللّهُمَّ أَصْلِحْ لِي دِينِي الّذِي جَعَلْتَهُ عِصْمَةَ أَمْرِى. اَللَّهُمَّ أَصْلِحْ لِي دُنْياى الَّتِى جَعَلْتَ فِيهَا مَعَاشِى – ثلاث مرات – أللَّهُمَّ أَصْلِحْ لِي آخِرَتِى الَّتِى جَعَلْتَ إِلَيْهَا مَضْجعى – ثلاث مرات – اللهم إني أعوذ برضاك من سخطك. اللهم إني أعوذ بك. – ثلاث مرات – لا مانع لما أعطيت، ولا معطى لما منعت ولا ينفع ذا الجد منك الجد” (أخرجه ابن السنى).

“Ё Раббим, ишларим учун маъсумият бўлган динимни ислоҳ эт, яшаётган дунёимни ислоҳ қил! Аллоҳ, ётоғим бўлган охиратимни ислоҳ қил! (уч марта).

Аллоҳ, Сенинг розилигинг ила ғазабингдан паноҳ тилайман. Аллоҳ, Сенинг номинг ила паноҳ тилайман! (уч марта).

Сен берган нарсани ман қилувчи йўқ. Ва Сен ман қилган нарсани бера олгувчи йўқ. Буюклик Сендадир, бошқанинг буюклиги асло фойда бермайди! (уч марта)” (Ибн Сунний ривояти).

Сафарнинг фазли, одоби ва зикрларини баён қилгани­миздан сўнг, Аллоҳ таоло мусофирга Ўз фазли ила берган рухсатлар ҳақида ҳам сўзлаб ўтмоқни лозим топдик. Бу хусусни Имом Ғаззолий «Иҳёу улумиддин» асарида батафсил келтирганлар.

[1]8 Ҳаж, касал кўриш, силаи раҳм учун, шаръий тижоратга ўхшаш.

[2]9 Ўғрилик, ноҳақ одам ўлдириш, зино, йўлтўсарлик, ҳаром тижоратга ўхшаш.

[3] 01Рокиб – ёлғиз сафарга чиқувчи. У гарчи пиёда бўлса ҳам, шайтон деб номланди, чунки мухо­лафатда шайтонга ўхшайди.

[4] Яъни, учта ёки ундан кўпини отлиқ деб номлаш мумкин. Улар шайтондан муҳо­фаза этилгандир.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм