Диққат, огоҳ бўлинг! ҲАМ ЎЗИНГИЗНИНГ, ҲАМ ЎЗГАЛАРНИНГ ҲАЁТИНИ ХАВФ ОСТИГА ҚЎЙМАНГ!
Ҳурматли юртдошлар, азиз мўмин-мусулмонлар!
Хабарингиз бор, айни кунларда бутун дунё халқлари коронавирус (COVID-19) туфайли оғир синовларни бошидан кечиряпти. Барча мамлакатларда бўлгани каби юртимизда ҳам инфекциянинг олдини олиш мақсадида карантин жорий қилинди.
Бугунги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, юртимизнинг барча ҳудудларида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланади. Ушбу байрамни фақат оила даврасида ўтказиш тавсия этилади. Бу ҳақда Республика комиссияси ахборотида маълум қилинди.
Ҳозирги карантинни инобатга олиб, марҳумларнинг ҳақларига оила даврасида хайрли дуолар қилсак, шариатимиз қонун-қоидалари ҳамда карантин талабларига риоя этган бўламиз. Чунончи, ҳадиси шарифда: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” (Имом Ибн Можа ривояти), дейилган.
Аслида, қаерда бўлмасин, марҳумлар ҳақига қилинган Қуръони карим тиловати, албатта, уларнинг руҳига етиб боришига шубҳа йўқ.
Азиз биродарлар!
Республика махсус комиссиясининг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамини ўтказиш бўйича тавсияларига қатъий риоя этайлик! Қабристонларга бориб, ҳам ўзимизнинг, ҳам бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўйгандан кўра, уйларимизда, оила даврасида ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилайлик! Зеро, динимизда зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати