Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нубувват келгандан кейин жинларнинг Қуръони каримни эшитишга келиши
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
Жинлар қабилаларининг ҳар бирининг эшитиб ўтирадиган жойлари бор эди. Агар ваҳий тушса, фаришталар Сафога темирни ташлаб юборганингда чиқадиган товушдек товуш эшитарди. Фаришталар буни эшитган вақтда, токи ерга нозил бўлгунига қадар бошларини саждадан кўтармасдилар. Ваҳий нозил бўлгач, улар бир-бирларидан: “Раббингиз нима деди?” деб сўрашарди ва агар айтилган нарса осмонда бўладиган иш бўлса: “Бу ҳақ, У улуғ ва олий зот”, дейишар, агар ғайб, ўлим ва шунга ўхшаш ерда бўладиган иш бўлса, улар ҳақида гапириб: “Шундай-шундай бўлади”, дейишарди. Буни шайтонлар эшитиб, дўстлари олдига олиб тушишарди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар бўлганларидан сўнг юлдузлар билан қувилдилар. Буни энг аввал сақифликлар билишди. Уларнинг қўйлари кўпи ҳар куни бир қўй, туялари кўпи ҳар куни бир туя қурбонлик қилишар эди. Одамлар ўз моллари ҳақида шошиб қолишди ва баъзилари баъзиларига қараб: “Агар сизлар юлдузлардан ҳидоят топган бўлсанглар, бундай қилманглар! Агар ундай бўлмаса, бу ўтиб кетадиган нарса. Юлдузларга қаранглар, улардан ҳамиша тўғрилик топилади”, деб айтишди. Аллоҳ таоло жинларни юборди ва улар Қуръони каримни эшитишди. Жинлар Қуръон эшитишга келганларида: “Эшитинглар, шайтонлар иблиснинг олдига хабар беришга кетди”, дейишди. Иблис шайтонларга: “Ер юзида шундай ҳодисалар бўлди, ернинг ҳар бир жойидан менга тупроқ келтиринглар”, деди. Унга Тиҳома[1] водийсидан тупроқ келтиришди. Тупроқни олиб ҳидлаб: “Бу янги ҳодиса”, деди[2].
[1] Тиҳома – Ҳижоз ва Яман ўртасидаги минтақа.
[2] Абу Нуъайм. “ад-Далоил”. – Б. 170–171.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган