Мақолалар

Нодир саҳифалар таъмирланяпти

Чоп этилди May 11, 2020 Нодир саҳифалар таъмирланяптиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Катта Лангар Қуръони дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма мусҳафлардан ҳисобланади. Бу бебаҳо китоб Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги “Лангар ота” масжидида сақлангани сабабли “Лангар Қуръони” деб аталади.

Маълумотларга кўра, Катта Лангар Қуръони 1917 йилларда Асрорхўжа ота исмли кишининг, 30- йил ларгача унинг ўғли уста Абдулло ота, кейин Ёқуб бобонинг уйида сақланган. Сўнгра 1957 йилгача Қулфи момода бўлган, кейин Тўхта бобо Ражабовга ўтган.

Ўтган асрнинг 80-йиллари бошида Ўзбекистонда диний ва миллий қадриятларга қарши кураш кескинлашгач, бу қўлёзманинг катта қисми атайин йўқ қилинган ёки яширилган. 1984 йили ўша давр давлат ташкилоти вакиллари томонидан ҳеч қандай далолатнома қилинмаган ҳолда Лангар Қуръонининг 67 саҳифаси олиб кетилган. Қишлоқ оқсоқолларидан Тўхта бобо Ражабов унинг 12 саҳифасини асраб қолган.

Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида битта саҳифаси, иккита саҳифаси эса Бухорода: Ибн Сино номидаги Бухоро вилоят кутубхонаси ҳамда Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Арк қўлёзмалар музейида сақланмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида 13 та саҳифаси мавжуд. Аввалдан бу қўлёзманинг бир саҳифаси сақланиб келган бўлса, 2003 йили яна 12 саҳифаси “Лангар ота” масжидидан келтирилган. Бу саҳифалар Қуръони каримнинг икки жузини ўз ичига олганидан тахмин қилиш мумкинки, Катта Лангар Қуръони 190–200 саҳифа атрофида бўлган. Бугунги кунгача уларнинг 97 саҳифаси ёхуд 47 фоизи етиб келган. Ҳозир ушбу қўлёзманинг 81 саҳифаси Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади.

Лангар Қуръонининг юртимизга келиб қолиш тарихи ҳақида бундай тахминлар бор: ўрта асрларда Ўрта Осиёга келган араблар ўзлари билан ушбу Қуръон нусхасини келтиришади; Амир Темур Қашқадарёнинг тоғли ҳудудига кўчириб келган суриялик араблар ушбу Қуръонни ҳам олиб келишган.

Олимларнинг хулосасига кўра, бу нодир қўлёзма VIII асрнинг охирги чорагида, араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврда кўчирилган.

Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси – пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 53х35 см., матнлар қадимий арабий ёзув усуллари – кўфий-ҳижозий хатида битилган. Баъзи саҳифаларга, айниқса, ҳошияларига жиддий зарар етган. Қўлёзманинг XIV асрга тегишли чарм муқоваси XVII аср ўрталарида қайта таъмирланган, унда муқовасоз Муҳаммад Носирнинг исми ҳамда 1255 (1839–1840) санаси қайд этилган.

Катта Лангар Қуръони асрлар давомида таъмирланиб, безак ва нуқталар билан тўлдириб келинган. Масалан, саҳифаларнинг йиртилган бурчакларига ямоқ солинган ва шу жойдаги оятлар насх хатида ёзилган. Суралар орасига нақш чизилиб, унга суранинг номи ва оятларининг сони ҳам насх хатида битилган.

* * *

Жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси лабораториясида маҳаллий ва хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида “Мўйи муборак” музейида сақланаётган Катта Лангар Қуръони саҳифаларини таъмирлаш ишларининг навбатдаги босқичи бошланди.

Ушбу жараён билан танишиш ва назорат қилиш учун ўзбек-француз қўшма илмий кенгашининг аъзолари: Франциянинг Лувр музейи Ислом санъати департаменти директори Яник Линц, Франция Миллий кутубхонаси собиқ раҳбари Франсис Ришар, археологлар Рокко Рантье ва Франц Гране ҳамда ЎзР ФА Санъатшунослик институти директори Шокир Пидаев лабораторияда бўлишди.

Лангар Қуръони саҳифаларини таъмирлашнинг биринчи босқичи 2019 йил 7–11 ноябрда якунланган эди. Навбатдаги босқичини франциялик мутахассислар Аксель Дело, Ауреля Стрери, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бўлими бошлиғи Шаҳноза Ишматова, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходими Шуҳратуллоҳ Пўлатов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари амалга оширишди. Катта Лангар Қуръонининг барча саҳифаларидаги йирик таъмирталаб жойлари реставрация қилинди. Бу саҳифалар 2020 йилнинг сентябрь ойигача махсус прессда сақланади. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг консервация ва реставрация лабораториясида ҳаво ҳарорати ва намлиги махсус жиҳозлар билан мунтазам назорат қилиб борилмоқда.

Камолиддин МАҲКАМОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона мудири

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 3-сонидан