Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий
Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий милодий XII аср нинг охирларида Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги Анжирфағнав (ҳозирги Анжирбоғ) қишлоғида таваллуд топган. 1286 йили шу ерда вафот этган. Бу зот хожагон-нақшбандия тариқатининг учинчи пири сифатида улуғланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошланадиган силсилаи шарифнинг 12-ҳалқасидаги муршид ҳисобланади. Хожа Ориф Ревгарий – Моҳитобондан кейин тариқатга раҳбарлик қилган.
Мустақиллик йилларида у зотнинг қабри устида янги мақбара бунёд этилди. Мақбара ёнида жоме масжид қурилиб, боғ барпо этилди. Шу тариқа бу ер обод зиёратгоҳга айланди. Бу ерга келувчилар тобора кўпайиб бормоқда.
Манбаларда у зотнинг ўрта бўйли, оқ танли, хушбичим, қора соқолли, кўркам юзли киши бўлгани айтилади. Бошига оқ салла ўраб юрарди. Кароматлари жуда кўп эди. Жумладан, Фахриддин Али Сафийнинг “Рашаҳот айн ул-ҳаёт”, Бадриддин Сарҳиндийнинг “Ҳазорат ул-қудс”, Муҳаммад Толибнинг “Матлаб ут-толибин”, Маждиддин Бадахшонийнинг “Жомиъ ус-салосил” асарларида Хожа Маҳмуд Анжирфағнавийнинг оқ қуш шаклига кириб, учгани зикр этилади.
Насли саййидзодалардан. Ҳалол меҳнат билан кун кечириш учун дурадгорлик ва тижорат билан шуғулланган.
Хуфя (яширин) зикр билан жаҳрий (товуш чиқариб) зикрга баравар амал қилган. У зот ёлғиз ҳолда зикр тушилаётганда зикри хафий, жамоат бўлиб зикр тушилаётганда зикри жаҳрий кўпроқ фойда беради, деб ҳисоблаган. Шу тариқа Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий хожагон-нақшбандия тариқатида зикри жаҳрияни бошлаб берди. Унинг фикрича, ошкора ёки яширин зикрдан кўзланган мақсад – бир, ҳикмат, маслаҳат ва ҳолат зарурати ҳар икки нав зикрда ҳам мавжуд.
Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий Хожа Али Ромитаний, яъни Хожайи Азизоннинг пири ҳисобланади.
Султонмурод ОЛИМ, филология фанлари номзоди
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 3-сонидан