Бир қабрга икки ёки уч кишини дафн қилиш
Битта қабрга бир неча маййитни фақатгина зарурат юзасидан қўйиш мумкин. Уларнинг ораси тупроқ билан ажратилади.
أَنَّ جَابِرَ بْنَ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَخْبَرَهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَجْمَعُ بَيْنَ الرَّجُلَيْنِ مِنْ قَتْلِ أُحُدٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо бундай хабар беради:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд қурбонларидан икки кишини (бир лаҳадга) қўяр эдилар”. Имом Бухорий ривояти.
Маййитлар фақат эркаклардан иборат бўлса, уларнинг ичида Қуръондан энг кўп ёд олгани биринчи қўйилади.
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ لِقَتْلَي أُحُدٍ: أَيُّ هَؤُلاَءِ أَكْثَرُ أَخْذًا لِلْقُرْآنِ؟ فَإِذَا أُشِيرَ لَهُ إِلَي رَجُلٍ قَدَّمَهُ فِي اللَّحَدِ قَبْلَ صَاحِبِهِ. وَقَالَ جَابِرٌ: فَكُفِّنَ أَبِي وَعَمِّي فِي نَمِرَةٍ وَاحِدَةٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд қурбонлари ҳақида: “Буларнинг қай бири Қуръонни кўпроқ ёд олган?” – дер, бирор кишига ишора қилинса, уни лаҳадга шеригидан олдин қўяр эдилар. Отам билан амаким битта намирага[1] кафанланишган”. Имом Бухорий ривояти[2].
Маййитлар эркак ва аёллардан иборат бўлсалар, қибла тарафдан бошлаб эркак киши, сўнг аёл киши, кейин ёш бола қўйилади. Фарзанд отадан олдин қўйилмайди.
[1] Намира – жундан қилинган, оқ-қора йўлли, попук ҳошияли устки кийим.
[2] “Олтин силсила”. 2-жуз. Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Ҳилол-нашр” 2013, 289-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан