Имом Бухорий ва тафсир илми
Тафсир илмининг ривожланиш тарихини шартли равишда учга бўлиш мумкин. Биринчиси, Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари даври. Бу даврда Қуръони карим китоб ҳолида тўлиқ жамланмаган. Шу боис оятларни тафсир қилиб, китоб ҳолига келтириш урф бўлмаган.
Иккинчи босқич тобеинлар давридир. Бунда тафсирга кўплаб исроилиёт, насронийлар ривоятлари кириши кузатилади. Аввал аҳли китоб бўлган кишиларнинг Исломни қабул қилиши бунинг асосий сабаби, дейиш мумкин. Шу билан бирга, бу даврга келиб тафсирга оид ривоятларнинг барчаси жамланмасдан, ҳар бир шаҳар аҳолиси ушбу шаҳардаги саҳобийлардан эшитган ривоятларини ўрганар эди.
Учинчи босқич, Бани Умайя ҳукмдорлигининг охири ва Аббосийлар даври бошидан бошланган. Дастлаб саҳобийлар Набий алайҳиссаломдан ва бир-бирларидан тафсирга оид ривоят қилишган бўлса, тобеинлар саҳобий ва бошқа тобеинлардан ушбу ривоятларни қабул қилишар эди. Табаа тобеинлар даврига келиб ҳадислар ёзила бошланди. Ҳадислар китобларда жамланиб, тафсир илми ҳам уларнинг бир қисми (боби) сифатида қайд этилди. Аммо Қуръон тафсирининг ўзига бағишланган асарлар ёзилмаган.
Учинчи босқич сўнгига келиб, тафсир илмлари ва тафсирга оид ривоятлар алоҳида ажратилиб китоб шаклига келтирилган. Шу билан бирга, энди Қуръоннинг барча оятлари тафсир қилина, тафсирга оид ривоятлар мусҳаф тартибига мос тарзда тартиблана бошланди. Ушбу даврга оид тафсирлар муаллифлари сифатида Ибн Можа (ваф. 273/886 й.), Ибн Жарир Табарий (ваф. 310/922 й.), Абу Бакр ибн Мунзир Найсобурий (ваф. 318/930 й.), Ибн Абу Ҳотим (ваф. 327/939 й.), Абу Шайх ибн Ҳиббон (ваф. 369/980), Ҳоким (ваф. 405/1015), Абу Бакр ибн Мардувайҳ (ваф. 410/1019) тилга олинади.
Имом Бухорий яшаган давр, яъни ҳижрий иккинчи асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва ҳижрий учинчи асрнинг биринчи ярмида тафсир илмининг ривожи ҳамда унда муҳаддиснинг ролини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китоби турли илмлар – ҳадис, ровийлар, фиқҳ, тарихни жамловчи китоблар сирасига киради. Асарда тафсир бўлиши эса маълум. Ҳадис асарларида мустақил тафсир бўлимларини ажратиш одатини Имом Бухорий бобомиз бошлаб берган. У билан бир даврда яшаган Имом Муслим “Саҳиҳ”ида “Тафсир” номли етти бобдан иборат бўлим ажратган. Имом Термизий “Сунан”ида, Имом Насоий ҳам “Ас-сунан ал-кубро”сида тафсир бўлимларини очган.
Ҳадис асарларидаги тафсир бўлимларида оятлар боб номи шаклида зикр қилинган, кетидан оятларга алоқаси бор, деб билинган ҳадислар нақл қилинган. Бу шаклда тартибланган боблардан тафсир бўлимлари ташкил топган.
Ҳадис илми билан бир қаторда тафсир илми билан ҳам шуғулланган олимлар қаторидан жой олган Имом Бухорийнинг мустақил тафсири бўлгани ҳақида ҳам турли қарашлар мавжуд. Жумладан, Ҳожи Халифа Имом Бухорийнинг машҳур шогирдларидан бири Абу Абдуллоҳ Фирабрий (ваф. 932)нинг маълумотларига таянган ҳолда Имом Бухорийнинг ҳадис илмига оид асарларидан ташқари мустақил тафсири бўлгани ҳақидаги маълумотни ўз асарида келтириб ўтади .
Шунингдек, Имом Бухорийнинг “Холқу афъалул ъибад” асарини таҳқиқ қилиб нашр эттирган доктор Абдурраҳмон Умайра ҳам Имом Бухорийнинг “Ат-таф сир алкабир” номли мустақил асари мавжудлиги, ҳозир Жазоир миллий кутубхонаси ҳамда Парижда асарнинг икки нусхаси сақланаётгани ҳақида маълумот беради.
Имом Бухорийдан олдин ёзилган ҳадис китобларида тафсир номи остида ажратилган мустақил бўлимни учратмаймиз. Ҳадис тўпламларига тафсирни Имом Бухорий олиб кирган. “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Китобут тафсир” бўлимида маълум оятлар боб сарлавҳалари сифатида ёзилган бўлиб, ортидан оятлар билан боғлиқ ҳадислар келтирилган. Тафсирга алоқадор боб изоҳлари сони 1129 та. Яъни, асарнинг учдан бири тафсирга бағишланган. Оятлар билан бошланувчи китоблар сони 18 та. Тафсир китобидан ташқари изоҳлар бош қа бўлимларда 613 ўринда оятлар изоҳланган, тафсир китобида эса булар 516 тани ташкил этади. “Саҳиҳи Бухорий”нинг бу хусусияти Имом Бухорийнинг тафсири маъсур йўналишидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатмоқда.
Имом Бухорийнинг “Китоб ут-таф сир”ида боб мавзуларида берган маълумотларни “сўз изоҳлари” билан “боб мавзуларида нақл қилган тафсир ривоятлари” шаклида таҳлил қилиш мумкин.
“Саҳиҳи Бухорий”нинг ушбу хусусияти Имом Бухорийнинг тафсири маъсур йўналишидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатмоқда. Шунингдек, бир муҳаддис сифатида олимнинг ҳадис тўпламининг ичига тафсирни қўшгани ҳамда баъзи ўринларда филологик изоҳлар ҳам қолдиргани билан ҳам аҳамиятлидир.
“Китобут тафсир”да асарнинг бошқа бўлимларидан фарқли равишда ривоятларни муайян боб мавзулари остида тўпламаган, балки тафсирларда бўлганидек, оятлар тартиби асос қилиб олинган.
Бухорийнинг боб мавзуларида санадсиз ҳолда нақл қилинган хабарларнинг кўп ҳолларда тафсир асарларида санадли ҳолда тақдим қилинганини кў риш мумкин. Масалан, “Рўза тута олмаган жуда кекса кишилар эса (ҳар бир кунга фидя беришади)” маълумотини Абдураззоқ Маъмар воситасида Қатодадан нақл қилади. “Анас ибн Молик қариганида бир ёки икки йил Рамазонда рўза тутмай ҳар кун бир фақирга нон ва гўшт едирган” маълумотини ҳам Маъмар воситасида Собит Бунонийнинг гапи сифатида келтирган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Имом Бухорий боблар билан ҳадисларнинг ўзаро мувофиқлиги, ҳадислар орасидаги уйғунлик ва буларни муайян маъно берадиган шаклда тартиблаш бўйича катта меҳнат қилган.
Азизхўжа ИНОЯТОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси мустақил тадқиқотчиси
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 3-сонидан