Ўзбекистон янгиликлари

Навоийда 400 та оилавий корхона ўз фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказди

Чоп этилди May 15, 2020 Навоийда 400 та оилавий корхона ўз фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказдиda fikr bildirishni o'chirish

Навоий вилояти бўйича Давлат хизматлари марказларидан оилавий корхонасини давлат рўйхатидан ўтказаётганлар сонига қараб, тадбиркор оилаларнинг бисёрлигидан қойил қоласиз.

Бугун Нурота туманида “Амирхон-Аминжон-Нур” оилавий корхонаси туман Давлат хизматлари марказидан давлат рўйхатидан ўтди. Хадича ая Исломова ўғли Аминжон Асатов билан ўз оилавий бизнесларига асос солдилар. Аслида ая каштадўзлик, ўғил ҳунармандчилик ортидан яхши даромад топаётгандилар. Аммо, мебелсозлик ва кўрпадўзликни ривожлантириб савдо-сотиқни ҳам йўлга қўйди. Конимехда “Элтай — комплекс” оилавий корхонасини ака-укалар Байжан ва Қалижан Маркебаевлар давлат рўйхатидан ўтказди. Улар Боймуроднинг “Элтай” овулида истиқомат қилишади. Мазкур оилавий корхона учун яйловдан чорва боқиш мақсадида 500 гектар ер ва Конимех агробанкидан 50 миллион маблағ ажратилди. Бундай оилалар Навоий вилоятида бисёр.

Навоий вилоятида жорий йилнинг ўзидаёқ 400 дан ортиқ оилавий корхоналар ҳудудлардаги Давлат хизматлари марказларидан рўйхатдан ўтди. Рақамлар шуни кўрсатиб турибдики, бугун тадбиркор оилаларнинг бири икки бўлаётгани, айниқса оилавий корхоналарга давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар, имкониятлар туфайли одамларнинг бизнес юритишга бўлган иштиёқи ортиб бормоқда. Бу борада Хатирчи ва Кармана, Навбаҳор туманлари пешқадам. Хатирчи туманида 129 та, Карманада 72 та, Навбаҳор туманида 69 та оилавий корхона ўз фаолиятини рўйхатдан ўтказган. Маълум бўлишича, мазкур корхоналарнинг 50 фоизи ўзининг бизнесини онлайн тарзда давлат рўйхатидан ўтказган.

Бугун тадбиркорлик илмини таваккал қилиб, йирик компаниялар тузаётган, чет элларда маҳсулотига бизнес ярмаркаларида харидор топаётган оилалар ҳам йўқ эмас. Демак, тадбиркорлик қилиш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди. Бугун сизнинг ташкил этаётган оилавий корхонангиз балки, эрта индин эл оғзига тушиб, ҳам халқ учун манфаат келтиради, ҳам етти авлодингизгача фаровон турмушни таъминлаган бўласиз.

Рўйхатдан ўтган оилавий корхоналарнинг аксарияти меҳмонхона бизнеси, савдо сотиқ ва ишлаб чиқариш, қандолатчилик ва тикувчилик, этикдўзлик ва каштачилик каби йўналишларда фаолият юритадилар. Дарҳақиқат, оилавий корхонани ташкил этиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки энг қулайроғи онлайн тарзда my.gov.uz портали орқали мурожаат ташласангиз бўлгани. Узоғи билан 20-30 дақиқада оилавий корхона мулкдорига айланасиз.

ЎзА