Мақолалар

“Рамазон – Қуръон ойи” Ар-Роҳман сураси фазилатлари

Чоп этилди May 18, 2020 “Рамазон – Қуръон ойи” Ар-Роҳман сураси фазилатлариda fikr bildirishni o'chirish

Ар-Раҳмон – Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири. Сурада Аллоҳ таоло инсонларга, жинларга берган беҳисоб неъматлари эслатилган, ўттиз бир марта: “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини инкор этасизлар?!” – деб хитоб қилинган.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар олдига чиқиб, Ар-Раҳмон сурасини бошидан охиригача ўқиб бердилар. Саҳобалар қироатга қулоқ солиб жим ўтираверишди. Бу ҳолни кўрган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жинлар қандай жавоб қайтарганини айтдилар: жинлар билан учрашилган тунда у зот Ар-Раҳмон сурасини ўқиб берганлар. Ҳар сафар “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини ёлғонга чиқарасизлар?!” оятидан ўтилганда, жинлар: “Парвардигоро, Сенинг биронта ҳам неъматингни инкор қилмайсиз. Барча мақтовлар Сенгагина хос!” деб жавоб қайтаришган.

Ҳар нарсанинг зийнати бўлади. Қуръоннинг зийнати – Ар-Раҳмон сураси. Бу сурада дунё ва охират неъматлари, жаннат аҳлининг келинлари бўлмиш ҳурлар васф этилган, уларнинг зеб-зийнатлари ҳақида маълумот берилган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг келини бор. Қуръоннинг келини Ар-Раҳмон сурасидир” (Имом Байҳақий ривояти).

Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳадид, Воқеа, Ар-Раҳмон сураларини ўқийдиган қори осмонлару ер малакутида “Фирдавсда яшовчи” деб чақирилади”, дейилган (Имом Байҳақий ривояти).