Улкан бўрон: Ҳиндистон ва Бангладеш икки миллон аҳолини эвакуация қилмоқда
Ҳиндистон ва Бангладешда 20 май куни мамлакатлар қирғоқларига келиши кутилаётган улкан “Амфан” бўрони сабаб икки миллиондан ортиқ аҳоли эвакуация қилинади.
Маълумотларга кўра, бўрон ҳозирда Бенгал кўрфазида жойлашган бўлиб,у сабаб юзага келадиган шамол тезлигининг максимал кўрсаткичи соатига 265 км га етади.
Маҳаллий метеорологлар “Амфан” 2007 йилда содир бўлиб, уч мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган “Сидр” бўронидан ҳам кучлироқ бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришмоқда.
Қайд этилишича, бу сафар қирғоқ шаҳарлари аҳолисини эвакуация қилиш коронавирус билан курашиш чоралари билан мураккаблашмоқда. Иккала мамлакатда ҳам аҳоли ҳаракати чекланган. Бошпана топишга улгурганлардан эса ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларни кийиш талаб қилинмоқда.