Мусулмон олимлар дунёга совға қилган ихтиролар. Фаластинлик аёл юртдошларининг турмушини енгиллаштириш йўлини топди
Қамалдаги ғазоликлар ҳаёти ақл бовар қилмас даражада машаққатли. Кунига уч-тўрт соат электр бўлади, холос. Фаластинлик Мажд ал-Машҳаравий ушбу вазиятни ўнглашга жаҳд қилди.
Боласини шифохонага олиб бориш учун такси чақириш ёки автобусга чиқишга пул етмаслиги Самарни йўлдан тўхтата олмади. Чунки бу унинг ўғлининг ҳаёти билан боғлиқ масала эди.
У шифохонага Ғазонинг жазирама қуёши остида, баъзида эса кучли шамоллар қуршовида яёв юриб боришга мажбур эди.
Самарнинг тўққиз ёшли ўғлининг ўпкаси хасталангани боис ҳар куни кислород билан даволаниши керак. Муолажани уйда қилиш хавфли – исталган вақтда электр узилиб қолиши мумкин.
Бироқ ўтган йили энергетика соҳасида бизнес юритадиган аёл Мажд Машҳаравий қуёш энергетика тизимининг прототипини топди ва ушбу қурилмани биринчи бўлиб Самарнинг уйига ўрнатди.

Sunbox компанияси ходими Ғазодаги уйлардан бирига ўрнатилган қуёш панелини кўздан кечирмоқда / Манба: Мажд Машҳаравий
“Бу ҳаётни сақлаб қолади”, дейди фахр билан 25 ёшли Машҳаравий ўзининг Ғазодаги офисида бўлган суҳбатда.
Касби қурувчи-инженер бўлган Мажд Ғазодаги энергия инқирозини бартараф этишнинг барқарор ва арзон ечими сифатида таклиф этиладиган қуёш панели, генератор ва батареядан иборат уч компонентли мослама ишлаб чиқарувчи Sunbox компаниясининг бош директори.
“Биз янги технология ихтиро қилмадик, фақат уларни оила талабларига мослаштирдик. Тизимнинг ҳар бир қисмини турли материаллардан тўпладик ва бир оз ўзгартириш киритдик”, дейди у.
Мажднинг айтишича, тизим Ғазода мўл бўлган табиий ресурслар ҳамда қуёш нурига ишлайди.
Самарали ечим
Яқинда Sunbox Action Against Hunger хайрия ташкилотидан Ғазо секторида сувни туздан тозалайдиган қурилма учун ўнта фотоэлектрик қуёш тизимини ўрнатишга буюртма олди.
“Бу йирик лойиҳа компания масштабини янада кенгайтириш, олинадиган фойданинг муайян қисми ҳисобига оилалар учун қуёш энергияси тизимини такомиллаштиришга шароит яратади”, дейди Машҳаравий Middle East Eye га берган интервьюсида тўлқинланиб.
Мазкур буюртма 12 йилдан бери исроилликлар қамал қилиб турган Ғазо секторида қийинчиликларни енгиб ўтиш лойиҳаси билан танилган ёш тадбиркор аёлга тинимсиз меҳнат ва ғайрат-шижоати учун мукофотдир.
Унинг биринчи лойиҳаси “Green Pie” ёғоч ва кўмир кулидан қурилиш ғишти тайёрлаш эди. Лойиҳанинг мақсади Ғазордаги Исроил аскарлари вайрон қилган биноларни қайта тиклашдан иборат эди.
Гарчанд, ўшанда 30 та иш ўрни яратилган, 40 дан ортиқ иморат қурилган ва 50 000 дан ортиқ блок сотган бўлса-да, бу бизнес Ғазо бозорида ривожланиб кетмади. Чунки “Биз нархни 50 фоизгача пасайтиришга мажбур бўлдик, – дейди Мажд. – Ғазода талаб бор, бироқ аҳолининг тўлов қобилияти йўқ. Биз блокларни қуёш панелларини сотгандек сота олмадик”.
Ҳозир у АҚШ ва Дубайдан харидорлар топиб экоблоклар ишлаб чиқаришни кенгайтирди. Мажд қуёш панеллари лойиҳаси муваффақиятлироқ бўлишига ишонади.

Фаластинликлар уйида ўртача уч соат электр бўлади / Манба: Мажд Машҳаравий
Қуршов сиёсати
2006 йил Исроил Ғазодаги гуманитар инқирозни кучайтиришни қасд қилиб, бу ердаги ягона электростанцияни портлатиб юборди.
“Бу шуни билдирадики, Ғазо секторининг баъзи ҳудудларида фаластинликлар канализация тизимини тозалай олмайдилар, сув чиқара олмайдилар, шўр сувни чучуклаштира олмайдилар. Исроил буни жуда яхши билади”, дейди БМТнинг Фаластин ҳудудида инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Майкл Линк.
2007 йилдан бошлаб Исроил ҳарбийлари ноқонуний равишда икки ярим миллион фаластинликни қуршовга олиб турибди.
Исроилнинг Ғазодаги электростанцияга ёпишиб олганининг сабаби, у шу йўл билан фаластин ҳукуматига босим ўтказишни истайди. Биз эса инсонлар сиёсий масалалардан мустақил бўлишини хоҳлаймиз, дейди Мажд.
Ўтган йиллар ичида унинг компанияси Ғазода минглаб оилаларга, кичик бизнес ва катта компанияларга электр таъминоти ўтказиб берди.

Ғазодаги бинолардан бирига Sunbox қуёш тизими ўрнатилмоқда / Манба: Мажд Машҳаравий
Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.