Қаср қилишнинг дуруст бўлиш шартлари
Бу хусус тўрт мазҳаб фиқҳида ҳам собитдир.
Биринчи: Сафарнинг масофаси 16 фарсах (1 фарсах – 5544 метр)га етиши лозим. Бир фарсах уч милдан иборат. Бир мил эса 1848 метрни ташкил қилади. Бундан келиб чиқсак, сафарнинг масофаси 88704 метрга тенг бўлади.
Ҳанафий мазҳабимиз уламолари айтишган: Бу масофа вақт билан ўлчанади. Бу вақтнинг миқдорига эса, йилнинг энг қисқа кунларида уч кун эрталабдан то заволигача юриш вақти кифоя қилади. Юриш ҳаракатининг эътиборга олинадиган жиҳати туянинг ва киши қадамларининг ўртача юриши ҳисобида бўлади. Агар биринчи кун эрта тонг туриб заволгача юрса ва бир манзилга етиб ўша жойда тунаб, сўнгра иккинчи кун эрта тонг туриб аввалги кундек юрса, сўнгра учинчи кун ҳам айни ишни такрорласа, демак, намозни қаср қилиш масофасини босиб ўтибди. Демак, мусофир шунча масофадан кам бўлмаган жойни ният қилиб сафарга чиқадиган бўлса, сафарининг аввалидан намозини қаср қилиб ўқиб кетаверади.
Қаср қилишнинг дуруст бўлиш шартларидан иккинчиси: сафарни ният қилиш. Сафар нияти учун икки шарт бор:
а) сафарнинг бошиданоқ ўша масофани босиб ўтишни ният қилиш;
Агар қаерга кетаётганини билмасдан, боши оққан томонга кетувчи бўлиб уйидан чиқса, гарчи ер юзини айланса-да, қаср қилмайди. Чунки у масофани босиб ўтишни қасд қилмади.
Ҳанафий фақиҳлари бу ҳақда бундай дейишган: Сафар ҳукмини кесувчи муддат туришни ният қилишнинг ўзиёқ қаср ҳукмини ботил қилади, гарчи ният қилган муддатидан камроқ туриб қолса ҳам. Борди-ю, ўн беш кун ёки ундан кўп туриш ниятида сафар қиладиган бўлса, кўзланган манзилга бориб етгунича йўлда намозни қаср қилиб ўқийди.
б) фикрда мустақил бўлиш.
Тобе (эргашувчи)нинг нияти матбуъ (эргашиладиган киши)сининг ниятисиз эътиборга олинмайди. Дейлик, хотин эри билан сафарга чиқса, эр қаср масофасини ният қилмаса-ю, хотин ният қиладиган бўлса, бундай ҳолда хотиннинг нияти эътиборга олинмайди. Ёки худди шунингдек, бошлиққа эргашиб чиққан ходимнинг ҳам нияти ботил бўлади. Бу вазиятда эргашиб чиқувчи ўзи алоҳида қаср ўқимайди.
Сафар қилиш ниятидаги инсон болиғ (балоғатга етган) бўлиши шарт. Сабий (балоғат ёшига етмаган)нинг нияти дуруст эмас. Шу боис унга сафар қилишдаги ниятнинг шартлари биттага зиёда бўлиб, учта шарт қилиб белгиланади:
- Сафарнинг бошидаёқ уч кунлик масофани тўлиқ босиб ўтишни ният қилиш.
- Фикрда мустақил бўлиш.
- Балоғат ёшига етган бўлиши.
Мусофир киши муқимга фақат намоз вақтида иқтидо қила олади ва у бу вақтда намозини тўлиқ ўқийди. Чунки унинг фарзи бу вақтда икки ракатдан тўрт ракатга ўзгаради.
Аммо агар намоз вақти чиқиб кетган бўлса, яъни қазо намоз ўқилишида мусофир муқимга иқтидо қилмайди. Чунки фарз бўлган вақт чиқиб кетиши билан икки ракатли намоз тўрт ракатга ўзгармайди. Чунки мусофирнинг зиммасида фақат икки ракат намознинг қазосини ўқиш қолади. Агар иқтидо қилса, намози ботил бўлади. Чунки биринчи қаъда мусофир муқтадий учун фарздир. Муқим имом учун эса ундай эмас. Имомнинг ҳолати бу вақтда ва бошқа вақтда ҳам унга иқтидо қилувчилардан кучли бўлиши вожибдир.
Аммо муқимнинг мусофирга иқтидо қилиши мутлақ дурустдир.
Қаср қилиш масофаси
Фуқаҳо зотлар қаср қилиш масофасини белгилашда кўп ихтилофлар қилишган. Биз, ҳанафийларга кўра бу масофа йилнинг энг қисқа уч куни ёки кечасида ўртача юриш билан етиладиган масофа, деб белгиланган. Бунга қуйидагиларни далил қилдилар:
Ҳазрат Хузайма ибн Собитдан ривоят қилинди: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Маҳсига масҳ қилиш мусофир учун уч кун ва муқим учун бир кеча-кундуздир”, дедилар (Имом Аҳмад, Абу Довуд).
Ҳукмни ўзгартирадиган мукаммал (тўлиқ) сафар – уч кундир. Ўша уч кунни олиш энг тўғри эканига ҳадисда ишора бор. Шариат бу ададни кўпгина ҳукмларда эътиборга олади.
Шофиъийлар, моликийлар, ҳанбалийлар ўртача юришдаги икки марҳала масофани белгилашди. Икки марҳала тўрт бариддир. Бир барид – тўрт фарсах. Бир фарсах уч милдир. Бундан масофа 48 милга тенглиги маълум бўлади. Яъни, бу 89 км масофани ташкил қилади. Бунга қуйидаги ҳадисни далил қилишди: Ато ибн Абу Рабоҳ айтди:
Ибн Аббосга: “Арафотгача қаср қиламанми?” дедим. Ул зот: “Йўқ, лекин Жидда, Асафон, Тоифгача қаср қилгин. Қачонки кўзлаган манзилингга етсанг, шунда тўлиқ ўқи”, дедилар (Имом Шофиъий, Байҳақий ривояти).
Бу учала жой (Жидда, Асафон ва Тоиф) Маккадан тўрт барид миқдорича узоқликдадир.
Қаср қилиш муддати
Намозни қаср қилиш муддати мусофир то ватанига қайтиб келгунича бўлган вақтда давом этаверади. Гарчи сафарида бир неча ойлаб туриб қолса-да. Аммо бу орада борган жойида муқим туришни ният қилмаслиги шарт қилинади. Бу эса, муддаосининг битишини интизор бўлиб кутиб: “Бугун ё эрта қайтаман”, деб турган кишининг ҳолатидир. Айни вазиятда намозни қаср қилиб ўқишга барча фуқаҳолар иттифоқ қилишди.
Агар бир неча кун туришни ният қилса: фуқаҳолар намозни қаср қилиш кунларида ихтилоф қилдилар.
Биз, ҳанафийларга кўра: киши сафар масофасидаги жойда ўн беш кун туришни ният қилган бўлса, намозни қаср қилмайди.
Бу Ҳазрат Ибн Аббос ва Ибн Умарнинг қуйидаги сўзларига мувофиқ:
“Агар бирор шаҳарга кирсанг ва у шаҳарда мусофир бўлсанг, ўн беш кун (яъни, ярим ой) туришни ният қилган бўлсанг, унда намозингни тўлиқ ўқийсан. Агар қачон кетишингни билмасанг, намозни қаср қилиб ўқийсан” (Таҳовий ривояти).

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм