Аллоҳ таолога қилинган дуо ва фаришталарнинг ёрдамга юборилиши
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Бадр куни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушрикларга қарадилар – уларнинг адади мингдан зиёд, мусулмонлар эса уч юз ўн етти киши эди. Қиблага юзланиб, ўтириб дуо қила бошладилар, қўлларини кўтариб, Аллоҳ таолога муножот қилдилар, ҳатто эгниларидан ридолари ҳам тушиб кетди. “Эй Раббим! Ўзинг ваъда қилган ёрдамни бергин. Эй Раббим! Ўзинг қилган ваъдангни кўрсатгин. Аллоҳим! Агар сен бу жамоани ҳалок этсанг, ер юзида сенга ибодат қиладиган киши қолмайди”, дедилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) келиб ридоларини олдилар-да, елкаларига қўйдилар ва: “Ё Расулуллоҳ! Аллоҳ таолога қилган муножотларингиз етарли бўлди. Аллоҳ тезда сизнинг дуоларингизни ижобат қилади”, деди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: “Раббингизга (ёрдам сўраб) фарёд қилганингизда: «Мен сизларга кетма-кет (келувчи) минг нафар фаришта билан мадад берувчидирман», – деб (дуоингизни) ижобат этганини эслангиз!”[1]
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуоларини ижобат қилиб, фаришталарни ёрдамга юборди.
[1] Анфол сураси, 9-оят.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган