Сурияда Асаднинг истеъфоси ҳақидаги хабарлар ахборот уруши сифатида баҳоланмоқда
Оммавий ахборот воситалари орқали Россия-Сурия муносабатлари ҳақида ёлғон хабарлар тарқатилиши икки давлат ўртасидаги мустаҳкам иттифоқга раҳна сола олмайди, чунки улар орасидаги алоқалар бу каби уруш усулларидан юқори туради, дея баёнот берди Сурия парламенти вице-спикери Надежда Анзор.
РИА Новости агентлигининг маълум қилишича, бундан аввалроқ Сурия мухолифати тарқатган маълумотлар асосида бир қатор оммавий ахборот воситаларида мамлакат президенти Башар Асаднинг истеъфо бериши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
Хабарда таъкидланишича, ушбу масала ҳозирда Россия, Туркия ва Эрон ўртасида муҳокама қилинмоқда. Аммо мазкур хабарни ҳеч ким расман тасдиқлагани йўқ.
Давлат Думасининг Сурия парламенти билан алоқалар бўйича дўстлик гуруҳи координатори Дмитрий Саблин ушбу хабарнинг миш-мишдан бошқа нарса эмаслигини айтиб, Асадни сурияликларнинг кўпчилик қисми қўллаб-қувватлашини таъкидлади.