Мақолалар

ОЛТИНЧИ ВАСИЯТ

Чоп этилди May 22, 2020 ОЛТИНЧИ ВАСИЯТda fikr bildirishni o'chirish

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رضي الله عنه قَالَ: أَوْصَانِي خَلِيلِي بِسَبْعٍ: «حُبِّ الْمَسَاكِينِ وَأَنْ أَدْنُوَ مِنْهُمْ وَأَنْ أَنْظُرَ إِلَى مَنْ أَسْفَلَ مِنِّي وَلاَ أَنْظُرَ إِلَى مَنْ فَوْقِي وَأَنْ أَصِلَ رَحِمِي وَإِنْ جَفَانِي وَأَنْ أُكْثِرَ مِنْ “لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ” وَأَنْ أَتَكَلَّمَ بِمُرِّ الْحَقِّ وأن لاَ تَأْخُذُنِي فِي اللهِ لَوْمَةً لاَئِمٍ وَأَن لاَ أَسْأَلَ النَّاسَ شَيْئًا» (رواه أحمد والطبراني)

Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Яқин дўстим (Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)) менга етти нарсани васият қилдилар:

– камбағалларни севиш ва уларга яқин бўлиш;

– ўзимдан юқоридагиларга эмас, ўзимдан пастдагиларга қараш;

– қариндошларим билан, улар ёмонлик қилса ҳам, силаи раҳм­ни боғлаш;

– “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” калимасини кўп айтиш;

– Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмай, аччиқ бўлса-да ҳақиқатни айтиш;

– одамлардан бирор нарса сўрамаслик” (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу ва­сиятларига амал қилиш жамият тинчлиги ва тараққиётига муҳим омил бўлади. Бу тавсия жамият аъзоларининг ўзаро алоқалари ва бирбирига муносабатини тўғри йўлга солишга, инсонларнинг камолоти ва охиратда саодат топишига қаратилган.

Камбағалларни эъзозлаш, уларни дўст тутиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш ва ҳақиқатни айтишда одамлардан чўчимас­лик жамият равнақи ва фаровонлиги, инсонлар ўртасида тотувлик ва барқарорликка гаров бўладиган омиллардандир.

Аллоҳни кўп зикр қилиш, бойлик, мол-дунёга интилишга рағ­бат туғилган пайтда ўзидан кўра камбағалроқлар ҳам борлигини унутмаслик ва ўз ҳолига шукр қилиш ҳар бир мусулмонга зарур фазилатлардандир. Диний жиҳатдан ўзидан кўра билимлироқ кишиларга етишга интилиш, дунёвий эҳтиёжларини одамлардан эмас, Аллоҳдан сўраш маънавий камолот шартларидандир.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм