Оила

Айтганига вафо қилган, оилани муқаддас билган аёл

Чоп этилди May 22, 2020 Айтганига вафо қилган, оилани муқаддас билган аёлda fikr bildirishni o'chirish

1-курс талабалари орасида энг одоблиси, оғир-босиғи Нурмуҳаммад эди. Ҳамма қий-чув кўтариб дарсдан қочса ҳам, қандайдир шумликлар ўйлаб топиб, домлаларнинг асабига тегса ҳам бу рўйхатда Нурмуҳаммад бўлмасди. Ҳар куни бир хил кийимда келиш ҳам унинг ўзига хослигини билдириб турарди. Ахир талабалик дегани кунига турфа хил кийим кийиш, ўйнаб-кулиш, дискотекалар уюштириш, дарслардан қочиб кинога тушиш дегани эмас-ку? Нурмуҳаммад ҳамма дарсга қатнашар, бирор марта ҳам беодоблик қилмасди.

Камгап ва одамови бу йигит ҳаддан ташқари чиройли ва хушсурат эди.

Нурмуҳаммаднинг курсдоши Хосият шаҳарда туғилиб катта бўлган, «оқсуяк» деб таърифланадиган қизлар сирасига кирарди. Хосиятнинг ишқи Нурмуҳаммадга тушдию ақлидан буткул айрилди. Юрса ҳам, турса ҳам ана ўша индамас, «ичимдагини топ» Нурмуҳаммад кўз олдидан кетмай қолди. Шу тариқа уч йил ўтиб кетди. У даврларда қизларда шарму ҳаё, йигитларда орият ва ғурур бошқача бўлган эканми, уч йил давомида Хосият ич-ичидан куйиб, ёниб юрса ҳам йигитга бир бора ҳам ўз муҳаббати ҳақида айтолмади. Тўртинчи йили ҳамма бир-бирини яхши таниб олган, қадрдонлашиб кетган эди. Курсдошлар бир-бирларининг оилавий аҳволлари, ота-онасининг қандай касбу кор билан машғул эканликлари, оилада нечанчи фарзанду уни кутаётган келажак ҳақида билиб олишган эди.

Кунларнинг бирида Хосият юрак ютиб Нурмуҳаммадга шундай деди: «Сизга турмушга чиққан қиз жуда бахтли бўлади-да».

Йигитнинг ҳам жавоби тайёр экан, қиз сўзини тугатмай сўз олди: — Бизнинг оилага унча-мунча қиз кўниколмаса керак. Ахир ўнта укам бор-а. Ҳар куни нон ёпиш, кир ювишу овқат тайёрлаш келиннинг зиммасида бўлади.

— Сиздан ва ота-онангиздан бир оғиз ширин сўз бўлса, бўлди-да, одам меҳнатдан ўлмайди-ку. Муҳими, сиз яхшисиз, ҳар қандай қиз ҳам яхшилигингиз учун ўша хонадоннинг ўтидан кириб, сувидан чиқади.

— Ҳозирги қизлар «оқбилак» бўлиб кетишган. Ҳатто овқат қилишга ҳам эринишади. Ўн учта одамнинг ташвишини бўйнига оладиган қиз борлигига ишонмайман-да, — деди Нурмуҳаммад. Хосият эса эшитилар-эшитилмас қилиб “мен бўйнимга олардим” деди.

Нурмуҳаммад унинг бу гапини ё эшитди, ёки эшитган бўлса ҳам ўзини эшитмаганликка олди. 5-курс якунида Нурмуҳаммад Хосиятни яхши кўришини, аммо шаҳарлик қиз қишлоқ шароитига кўника олмаслигидан хавотирда бўлганлиги учун унга севги изҳор қилаолмаётганлигини дўсти орқали билдирди. Хосиятнинг жавоби шу бўлдики, “мен ҳамма қийинчиликни бўйнимга оламан”.

Совчилар келиб-кетгач, Хосиятни ота-онасининг капалаги учди. Ахир ўн битта боласи бор оиланинг тўнғич келини бўлмоқ осонми? Вақти келса, бир донагина укасининг кийимига дазмол босишга эринадиган қиз, ўн бир боланинг хархашасини қандай кўтаради? Бирор марта хамир ёймаган қиз, қандай қилиб ҳар куни хамир қориб, нон ёпади? Ҳамма бир бўлдию Хосиятнинг ўзи бир томон бўлди. У тўтиқушдек бир гапни такрорларди: “ҳамма оғирликни бўйнимга оламан, Нурмуҳаммад билан яшасам бўлди”.

Тўйнинг учинчи куниёқ қиз бечора хаёл бошқаю ҳаёт бошқа эканлигини билди. Ўша куни биринчи бор хамир қорди. Нонни ҳам бир амаллаб тандирдан узиб олди. Нурмуҳаммад айтганидек, бу хонадонда ҳар куни кир ювилар, ҳар куни икки тандир нон ёпилар эди. Қиз бечоранинг тинка-мадори қуриб кетар, дастурхонга келиб эндигина бир тишлам нон тишлаганда чойнакдаги чой тугаб қолар, чой дамлаш учун яна ошхонага югурар, чой олиб келиши билан кичкинтойлардан бири яна овқат ичишини айтиб, косасини узатиб турарди.

Нурмуҳаммад ҳам иложи борича Хосиятга ёрдамлашар, ҳамма ухлаган пайтида уюм-уюм кирларни бирга ювишар, хамир қориб берар, овқат бошласа, ўчоққа ўт қалаб турарди.

Уйдаги шунча меҳнатни кўриб, Хосият ишга кираман деб айтолмади. Ахир қайнонаси «келин қилсам шу меҳнатлардан қутиламан, мен ҳам одамга ўхшаб яшайман», деб ният қилган эди-да. Болаларнинг энг кичиги Хосият келин бўлиб тушган пайтда икки ёш эди. Саккиз нафар ўғил бола, уч нафар қизнинг шунча дунёси, фикр юритиши, феъл-атворини ўрганиб олишнинг ўзи Хосиятга бир мактаб бўлди. Қайнонаси келин бечора шунча меҳнатни қилса ҳам, туну кун қўли косов, сочи супурги бўлса ҳам Хосиятнинг ҳар бир ишидан камчилик топар, ўғлимга қандоқ қизларни келин қилмасдим, дея жаврагани-жавраган эди.

Бундай оғир меҳнат ва қайнонанинг зулмларидан бошқа биров бўлганда-ку, аллақачон тугунини кўтариб, бу уйдан қочиб кетарди, аммо Хосият ҳамма-ҳаммасига сабр ва матонат билан чидади.

Йиллар ўтди. Қайнукалари ҳам улғайиб, уйланишди, қайнсингиллари турмушга чиқиб кетишди. Катта ҳовлида қайнона-қайнота Хосиятлар билан яшашни маъқул кўришди.

Ҳар сафар катта-катта давраларда Хосият холанинг матонати, сабру қаноати ҳақида гапиришар экан, нуроний онахон кулиб ўтираверади. Жуда гапиргиси келса, бир оғизгина сўз қўшиб қўяди: “Берган сўзимга вафо қилдим, холос. Жуда катта иш қилмадим”. Кўпчилик эса унинг қандай сўз берганини билмайди ҳам.

Шарифа Муроджон қизи

“Маърифат” газетасидан