Мақолалар

Эр-хотин муносабати

Чоп этилди May 24, 2020 Эр-хотин муносабатиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло инсонга наслини давом эттириши учун шаҳвоний истак берди. Ушбу истакни қондириши учун ҳалол йўлни кўрсатиб, илоҳий ҳукмларни баён қилди. Шунинг учун динимизнинг мазкур эҳтиёжни тўғри йўл билан қондириш, оила қуриш ва наслни давом эттириш ҳақидаги ҳикмат ва фазилатлари борасида сўз юритамиз. Бу масалалар яқин келажакда оила қуриш остонасида турган фарзандлар тарбиясида муҳим ўрин тутади.

Маълумки, инсон табиати жинсий эҳтиёжни қондиришга мойил. Одам зоти борки, ана шу таскинга муҳтож. Аммо инсон Яратган ато этган ақл-идроки билан бу эҳтиёжни тўғри ва ҳалол йўл билан қондириши лозим. Динимиз бундай амални юксак баҳолайди ва қўллаб-қувватлайди. Аксинча, уйланишдан ўзини мосуво қилишни эса, ўзига зулм ҳисоблаб, қоралайди. Маъқулланган жиҳат никоҳ асосида эр-хотинлик, яъни оила қуриш билан бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир…» (Рум, 21).

Мазкур оятга биноан Ислом оила қуришга жиддий тарғиб қилади. Уйланишни тарк қилишдан қайтаради. Жаноб Сарвари коинот, бу ҳақда уйланишга қодир бўл­ган умматларга сабоқ сифатида, ушбу ҳадисни баён қилганлар:

Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким уйланишга қодир бўлиб уйланмаса, у мендан эмас”, дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Уч киши Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйларига келиб, бири: “Мен туни билан намоз ўқийман”,  деди. Кейингиси: “Ҳар куни рўза тутаман”, деди. Охиргиси: “Мен ҳеч қачон уйланмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга қасам, мен сизлардан кўра тақводорроқман. Лекин мен рўза тутаман ва ифтор қиламан (рўза тутмаган куним бўлади), кечаси намоз ўқийман ва ухлайман, уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”, дедилар».

Бу ҳадисдан қодир киши уйланиши зарурлиги ва у Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларини тутган бўлиши маълум бўлмоқда. Акс ҳолда Муҳаммад (алайҳиссалом) у “мендан эмас”, яъни менинг йўлимда эмас, дедилар.

Қодир бўлиш деганда қайси жиҳатлар эътиборга олинишини уламолар батафсил баён қилишган:

а) шундай кишилар бор, бирор дард туфайли ёки бошқа сабабдан жинсий ожиз бўлади. Унинг шифо топиши учун ҳеч бир омил кор қилмайди. Бундайлар учун уйланиш мумкин эмас. Чунки унинг уйланишдан кўзланган мақсадларга эҳтиёжи, насл давом эттиришга имконияти ҳам йўқ.

б) айрим инсонлар бор, қувватга эга, аммо руҳий хасталиги боис уйланиши макруҳ. Чунки бундай инсонларнинг  уйланган аёлга зулм қилиши ва ёмонликка гирифтор этиш хавфи бор.

в) баъзи одамлар бор, шаҳватини ҳаромдан тия олади, аммо уйланса, оила боқишни эплолмайди, нафақага қодир эмас. Бу тоифадагилар учун уйланмаслик яхшироқ. Чунки оила масъулиятини бўйнига олган кишига оила таъминоти вожиб бўлади.

г) бир тоифадагилар бор, шаҳватларини ҳаромдан тия олмайди. Агар уйланса, айни вақтда оиласини боқишни эплаш даражасида эмас. Бундайлар учун уйланиш мубоҳ, улар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтганларидек, рўза тутиши афзал.

д) айрим тоифа кишилар бўлади, соғлом, бақувват, уйланишга қодир, шаҳватини ҳаромдан тийишга қурби етади. Мабодо оила қургудек бўлса ҳам, бемалол рўзғор тебрата олади. Булар учун уйланиш мустаҳаб ва суннат.

е) кўпчиликни ташкил этадиган тоифа вакиллари бор, улар ҳар томонлама, жисман ва руҳан соғлом бўлиб, юқорида зикр этилган нуқсонлардан холи. Аммо шаҳватини ҳаромдан тийишга эса ожиз. Агар уйланадиган бўлса, оиласининг таъминотини эркин бажаради. Ушбу тоифадагилар учун уйланиш вожибдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйланишнинг улкан ҳикматларидан бири ҳақида бундай баён қилганлар:

Имом Муслим “Саҳиҳ” асарида Абу Заррдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари айтди: “Ё Расулуллоҳ, бойлар савобда биздан ўтди. Улар биз ўқигандек намоз ўқийди, биз рўза тутгандек рўза тутади ва моллари кўплиги боис садақа қилади”.

Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ сизларга садақа қилиш имконини бермадими? Албатта, ҳар бир тасбеҳ садақа, ҳар бир такбир садақа, ҳар бир таҳмид (ҳамд айтиш) садақа ва ҳар бир таҳлил садақа, яхшиликка буюриш садақа, ёмонликдан қайтариш садақа ва сизларни авратингизда, яъни жинсий яқинлик садақадир, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, биримиз шаҳватини қондирса, савоб бўладими?” деб сўрадилар. “Агар ҳаромда қондирса, гуноҳ бўлармиди?” дедилар. Улар: “Ҳа”, дедилар. Набий (алайҳиссалом): “Шунга ўхшаш, агар ҳалолдан қондирилса, савоб бўлади” дея марҳамат қилдилар».

Мазкур ҳадисда никоҳ билан бир-бирларига ҳалол бўлган эр-хотин ўзаро қўшилишида ҳам савоб борлиги билдирилди. Бундан мақсад, шариат доирасида бажарилган ҳар бир иш беҳуда эмас, балки Парвардигор улкан ажрлар ато қилади. Ҳар бир мўмин Аллоҳнинг буюрган фарз амалларини бажариши, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) умматларига баён қилган зарур амалларда собит туриши талаб этилади. Саҳобалар Аллоҳ ризолиги, дин равнақи ва жамият манфаатини шахсий манфаатларидан устун қўярдилар.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 20000 сўм